Кенияда ухлаб ётган одамларга қуролли ҳужум уюштирилди

Кенияда ухлаб ётган одамларга қуролли ҳужум уюштирилди

Кениянинг Гарисса ва Исиоло округлари чегарасида қуролланган жиноятчилар ҳужуми оқибатида 9 киши, жумладан, аёл ва унинг чақалоғи ҳалок бўлди.

Daily Nation нашрининг 19 ноябрдаги хабарига кўра, воқеа 18 ноябрь куни эрталаб содир бўлган. Чорва ўғирлаш билан шуғулланувчи қуролли шахслар ухлаб ётган чорвадорларга тўсатдан ҳужум қилган.

Ҳужум натижасида Жанжу қишлоғида 8 киши ўлдирилган. Яна бир киши Исиоло округи ҳудудида ҳалок бўлган.

Қурбонлар орасидаги аёл ва унинг чақалоғи жасадлари бир-бирига яқин жойдан топилган. Гувоҳларнинг айтишича, аёл ҳужум пайтида фарзандини қўлида кўтариб турган. Она ва бола кўплаб ўқ жароҳатлари оқибатида вафот этган.

«Биз полиция билан бирга жасадларни олиб кетиш учун келгандик. Аммо кўрган манзарам мени ларзага солди. Гўдакнинг бу можароларга қандай алоқаси борлигини тушуна олмаяпман», — деди маҳаллий аҳоли вакили Умар Маҳмуд Ярроу.

Ҳодисадан сўнг чегарадош ҳудудлар аҳолиси ҳукуматдан хавфсизлик чораларини кучайтиришни талаб қилди. Маҳаллий фуқаролар ўзаро адоватдаги қуролли гуруҳлар ўртасидаги низолар янги ҳужумларга сабаб бўлишидан хавотирда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: