Малида 10 дақиқалик операцияда 24 нафар асир қутқарилди
Малида олти ойдан ортиқ вақт давомида қуролли гуруҳлар асирлигида сақланган 24 нафар ҳарбий хизматчи озод қилинди.
Россиянинг Африка корпуси Telegram каналида тарқатилган маълумотга кўра, асирларни қутқариш операцияси корпус бўлинмалари ва Мали қуролли кучлари ҳамкорлигида амалга оширилган.
Малилик ҳарбийлар жорий йилнинг апрель ойида Кидаль шаҳрида кечган шиддатли жанглар вақтида асирга тушган. Улар олти ойдан кўпроқ вақт давомида қуролли гуруҳлар дала лагерларидан бирида ушлаб турилган.
Қутқарув операциясида ҳаво ва қуруқлик кучлари биргаликда ҳаракат қилган. Дастлаб қуролли гуруҳлар тўпланган ҳудудларга аниқ зарбалар берилган ва лагер қўриқчилари йўқ қилингани айтилмоқда.
Шундан сўнг ҳудудга десантчилар туширилиб, лагерда тозалаш ишлари ўтказилган. Африка корпусининг билдиришича, операциянинг энг фаол босқичи атиги 10 дақиқа давом этган.
Тарқатилган маълумотларга кўра, озод қилинган 24 нафар ҳарбийнинг барчаси омон қолган. Операцияда қатнашган кучлар орасида ҳам йўқотишлар қайд этилмаган.
