Исроил ҳарбийлари 36 мамлакат делегацияси иштирокидаги машғулотларда ташкилий муваффақиятсизликка йўл қўйди
Исроил армиясининг Ашкелон шаҳрида ўтказган намойишкорона машғулотлари жиддий ташкилий муаммолар билан кечди. «Маарив» газетаси маълумотига кўра, ҳарбийлар хорижий делегациялар учун қутқарув операцияларини кузатишга муносиб шароит яратиб бера олмаган.
36 мамлакат делегацияси иштирок этган қутқарув операциялари бўйича машғулотларда жиддий ташкилий камчиликлар кузатилган. Бу ҳақда хабар берган «Маарив» газетаси тадбирни «саҳналаштирилган томоша» деб атаган.
Намойишкорона машғулотлар Ашкелон шаҳридаги «Барзилай» шифохонаси ҳудудида ўтказилган. Нашр баҳолашича, тадбир майдони ҳаддан ташқари гавжум бўлган, тегишли ташкилий ишлар йўлга қўйилмагани эса хорижий меҳмонларнинг машғулотларни кузатишини қийинлаштирган.
Исроил армияси орқа фронт қўмондонлиги шифохона автотураргоҳларини бўшатмаган. Бу вақтда тиббиёт муассасаси одатдагидек фаолият юритишда давом этган. Бундан ташқари, хорижий делегациялар учун махсус кузатув майдонлари ёки минбарлар ҳам ташкил этилмаган.
Газета маълумотларига кўра, тадбирда 200 нафарга яқин ҳарбий офицер ва расмий шахс иштирок этган. Қатнашчилар орасида Украина, Венесуэла ва Марокаш вакиллари ҳам бўлган.
Машғулотлар IPRED конференцияси доирасида ўтказилган бўлиб, унда Исроил армиясининг орқа фронт қўмондонлиги, ҳарбий тиббиёт хизмати, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, тез тиббий ёрдам хизмати ва бошқа фавқулодда вазиятлар идоралари иштирок этган.
