ЕИ пластик чиқиндиларини экспорт қилиш қоидаларини кучайтирди

ЕИ пластик чиқиндиларини экспорт қилиш қоидаларини кучайтирди

Европа Иттифоқидан пластик чиқиндиларни экспорт қилиш 21 ноябрдан бошлаб фақат Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)га аъзо давлатларга рухсат этилди.
Мазкур ташкилотга 38 та давлат киради. Улар орасида ЕИ мамлакатлари, Туркия, Швейцария, Норвегия, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Коста-Рика, Колумбия ва Чили бор.

Европа комиссияси маълумотига кўра, чекловлар камида 2029 йил май ойига қадар амал қилади. Қоидаларни янада кучайтиришнинг кейинги босқичи 2027 йил май ойига белгиланган. Ундан бошлаб ИҲТТга аъзо бўлмаган давлатларга ҳар қандай чиқиндини экспорт қилиш, умумий қоида сифатида, тақиқланади.

Ҳар йили Европа Иттифоқидан 1 миллиондан 1,5 миллион тоннагача пластик чиқинди олиб чиқилади. Уларнинг қарийб ярми ИҲТТга аъзо давлатларга юборилади.

Ўтган йили пластик чиқиндиларни энг кўп қабул қилган давлат Туркия бўлган. Унга 515 минг тонна чиқинди экспорт қилинган. Кейинги ўринларда Малайзия — 276 минг тонна, Индонезия, Вьетнам ва Буюк Британия қайд этилган. Малайзия, Индонезия ва Вьетнам ИҲТТ аъзоси эмас.

dpa агентлиги таъкидлашича, чиқиндилар экспорти масаласи халқаро миқёсда баҳсларга сабаб бўлмоқда. Чунки Германия каби ривожланган давлатлар чиқиндиларни Туркия сингари мамлакатларга юборади, бироқ у ерда улар ҳар доим ҳам экологик талабларга мувофиқ қайта ишланмайди.

Оқибатда чиқиндиларнинг бир қисми дарёларга тушиши, зарарли моддалар эса атроф-муҳитга тарқалиши мумкин.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: