Россия армиясида Украинада урушган 7 мингга яқин хорижлик ҳалок бўлган, уларнинг деярли 60 фоизи Марказий Осиёдан

Россия армиясида Украинада урушган 7 мингга яқин хорижлик ҳалок бўлган, уларнинг деярли 60 фоизи Марказий Осиёдан

2026 йил ноябр ойининг бошида ҳакерлик гуруҳлари Россиянинг давлат статистика идораси – Росстат тизимларини бузиб кириб, ўлим қайдларига оид маълумотларни журналистларга топширди. Росстат киберҳужум бўлганини тасдиқлади, аммо маълумот сизиб чиққанини рад этди.

Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, 2026 йил сентябр охиригача Украина урушида камида 490 334 нафар россиялик ҳарбийнинг ўлими рўйхатга олинган. Ўлим кечикиб қайд этилишини ҳисобга олганда, ҳалок бўлганлар сонини 700 мингдан ортиқ деб баҳоланмоқда.

Росстат базасида Россия фуқароси бўлмаган ҳарбийларнинг ўлими ҳам қайд этилган. “Досье” маркази Украинадаги жангларда Россия томонида қатнашиб, ҳалок бўлган хорижликларга оид 6947 та қайдни топди. Улар 93 давлатга тегишли. Фуқаролик кўрсатилмаган ҳолларда тадқиқотчилар марҳумнинг туғилган мамлакатини ҳисобга олган. “Важные истории” маълумотига кўра, ҳалок бўлган ҳарбийларнинг тахминан 15 фоизида, яъни 75 минг кишида фуқаролик графаси тўлдирилмаган.

93 давлат рўйхатининг дастлабки ўнталигидан тўққизтаси собиқ иттифоқ республикалари, ўнинчи ўринда эса Колумбия турибди. Рақамлар минтақалар бўйича жамланса, хорижлик қурбонларнинг 83,5 фоизи собиқ иттифоқ ҳудудига тўғри келади. Африканинг 32 давлатидан 397 киши, Лотин Америкасининг 14 давлатидан 284 киши ҳалок бўлган.

Хорижликлар асосан фронтнинг энг оғир қисмида ҳалок бўлган. “Досье” ҳисоботида қайдларнинг 63 фоизи, яъни 4375 таси Донецк вилоятига тўғри келади. Хорижликларнинг рўйхатга олинган ўлими 2025 йил кузида энг юқори нуқтага чиққан. Ўшанда ойига 390 га яқин ўлим қайд этилган.

Хорижлик қурбонлар рўйхатида Марказий Осиё давлатлари яққол ажралиб туради. Минтақанинг беш давлатига 4091 та қайд, яъни барча хорижлик қурбонларнинг 58,9 фоизи тўғри келади

Ўзбекистон бўйича икки хил рақам бор. «Досье» жадвалида 1301 киши қайд этилган ва мамлакат Қозоғистондан кейин иккинчи ўринда туради. BBC рус хизмати эса 1031 нафар Ўзбекистон фуқаросини санаган. “Досье” фуқаролик кўрсатилмаган қайдларда туғилган мамлакатни ҳисобга олган, BBC эса Росстат ёзган фуқароликка таянган. Фарқ шу билан боғлиқ бўлиши мумкин, аммо нашрларнинг ўзи буни изоҳламаган.

Бу рақамлар ортидаги кўламни ёлланганлар сони кўрсатади. Украинанинг “Хочу жить” давлат лойиҳаси маълумотига кўра, 2026 йил 1 октябр ҳолатига Марказий Осиё давлатларининг 20,4 мингдан ортиқ фуқароси Россия армияси билан шартнома тузган. Уларнинг 8,2 мингдан ортиғи, яъни 40 фоизи ўзбекистонликлардир. Лойиҳа ҳисобича, ёлланаётганлар сони тез ўсмоқда. 2024 йилда 1446 нафар, 2025 йилда 3487 нафар Ўзбекистон фуқароси шартнома имзолаган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари федерацияси (FIDH) ва ҳамкор ташкилотлар 2026 йил апрелда эълон қилган ҳисоботга кўра, 2022 йил февралдан бери Россия 130 дан ортиқ давлатдан камида 27 минг хорижликни ёллаган. Муаллифлар ёзишича, уларнинг кўпчилиги урушга кетаётганини билган ва ўз юртидагидан анча юқори маош ҳамда Россия фуқаролиги учун рози бўлган. Бошқалари алданган ёки мажбурланган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: