Мубашшир Аҳмад иши кассация тартибида кўрилади
Таниқли диний уламо Мубашшир Аҳмад иши 3 декабр куни Тошкент шаҳар судида кассация инстанция тартибида кўриб чиқилади. Адвокат Абдуллоҳ Содиқ нега айнан ҳозир шикоят берилгани ва уламонинг саломатлиги борасида маълумот берди.
Жорий йил 27 октябр куни таниқли диний уламо Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов) иши бўйича Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судига кассация шикояти киритилганди. Бу ҳақда Kun.uz’га хабар берган уламонинг адвокати Абдуллоҳ Содиққа кўра, суд куни тайинланди. Иш 3 декабр куни судя Отабек Муҳаммадиев раислигида Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида кассация инстанция тартибида кўриб чиқилади.
Абдуллоҳ Содиқ нега айнан ҳозир шикоят берилаётганига ҳам изоҳ берди.
“Жиноят процессуал кодексининг 501-моддасига мувофиқ, маҳкумнинг аҳволини ёмонлаштирадиган ёки жазони оғирлаштирадиган ҳолларда ҳукм қонуний кучга киргандан кейин бир йиллик муддат ичида протест киритилиши мумкин. Шуни ҳисобга олиб, назорат қилувчи органларнинг устоз Мубашшир Аҳмад домлага нисбатан жазони оғирлаштиришни сўраб протест киритилиши эҳтимолини олиш мақсадида, юқорида кўрсатилган муддат ўтгандан кейин кассация шикояти киритилди”.
Адвокатнинг айтишича, суд мажлиси очиқ бўлади, фақат ОАВ иштироки ҳар бир суд жараёнида судлов ҳайъати томонидан алоҳида ҳал қилинади.
Абдуллоҳ Содиқ Мубашшир Аҳмаднинг саломатлиги борасида ҳам маълумот берди.
“Домланинг саломатлиги ёмон эмас. Фақат буйраклари ва қандли диабет касалликлари билан боғлиқ бўлган ҳамда зах шароитда авж олаётган оёқ шишиши, оғриши бугунги кунда бироз ноқулайликлар туғдирмоқда”.
