Саудия Арабистонига ракета ҳужумлари уюштирилди
Саудия Арабистонининг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бир нечта ҳаво нишонини, жумладан, пойтахт Ар-Риёд томон йўналтирилган қанотли ракетани тутиб қолди.
Reuters агентлиги Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция маълумотларига таяниб, Аш-Шуқайқ шаҳри томон учирилган баллистик ракета ҳам йўқ қилинганини хабар қилди. Ракета қолдиқларининг қулаши оқибатида тинч аҳоли орасида жабрланганлар йўқ.
Аввалроқ Ямандаги «Ансор Аллоҳ» ҳаракати (ҳусийлар) Ар-Риёддаги Қирол Холид номидаги халқаро аэропорт, Жизондаги Saudi Aramco нефтьни қайта ишлаш заводи, иккита электр станцияси ва Ҳавия газни қайта ишлаш заводига ҳужум уюштирганини маълум қилганди.
