Голливуд юлдузи АҚШ президентлиги учун номзодини қўйиши мумкин
Америкалик таниқли актёр Мэттью Макконахи 2028 йилда бўлиб ўтадиган АҚШ президентлик сайловида мустақил номзод сифатида иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда The Hill нашри хабар берди.
Бундай тахминларга актёрнинг АҚШдаги оралиқ сайловлар арафасида эълон қилган видеомурожаати сабаб бўлди. Унда Макконахи мустақил номзодларни қўллаб-қувватлаган.
Актёрнинг фикрича, Демократик ва Республикачилар партияларига аъзо бўлмаган сиёсатчиларнинг сайловларда иштирок этиши америкалик қонун чиқарувчиларнинг қарашларини яқинлаштиришга хизмат қилиши мумкин.
Макконахи, шунингдек, мустақил номзодларни шунчаки норозилик ҳаракати вакиллари эмас, балки ғалаба учун кураша оладиган жиддий даъвогарлар сифатида қабул қилишга чақирган.
Нашр муаллифлари ушбу баёнотларни актёрнинг эҳтимолий сиёсий амбицияларига ишора сифатида баҳолаган. Бироқ Макконахи АҚШ президентлиги учун курашиш нияти борлигини расман эълон қилмаган.
