SpaceX 1 миллионта сунъий йўлдошни коинотга чиқармоқчи: бу қандай оқибатларга олиб келади?

SpaceX 1 миллионта сунъий йўлдошни коинотга чиқармоқчи: бу қандай оқибатларга олиб келади?

Илон Маскка тегишли SpaceX компанияси АҚШ Федерал алоқа комиссиясидан (FCC) сунъий интеллект дата-марказлари учун улкан сунъий йўлдошлар тармоғини яратиш лойиҳасини амалга оширишга рухсат олди.

Starmind деб номланган лойиҳага кўра, 2035 йилга қадар орбитага 100 мингта сунъий йўлдош чиқариш режалаштирилган. Келажакда эса уларнинг сони 1 миллионтага етиши мумкин.

Космосда дата-марказлар жойлаштиришдан мақсад — қуёш энергиясидан фойдаланиш ва табиий совитиш шароитларини ишга солиш. SpaceX вакилларининг фикрича, бу орқали Ердаги инфратузилмага тушаётган ортиқча юкни камайтириш мумкин.

Космик дата-марказларнинг яна бир афзаллиги сувни тежаш ҳисобланади. Ердаги сервер мажмуалари совитиш учун ҳар йили юзлаб миллиард литр сув сарфлайди. Бундай ҳолат кўпинча сув танқислиги кузатиладиган ҳудудларда қўшимча муаммоларни келтириб чиқаради.

Бироқ мутахассисларнинг асосий хавотири лойиҳанинг ўзи эмас, балки унинг кўлами ва эҳтимолий экологик оқибатлари билан боғлиқ.

Ҳисоб-китобларга кўра, SpaceX 2040 йилгача ҳар соатда ўртача саккизтадан сунъий йўлдош учиришига тўғри келади. Бу эса Ернинг озон қатламига жиддий зарар етказиши мумкин.

Шунингдек, коинот чиқиндилари миқдорининг ортиши ҳам хавотир уйғотмоқда. Бу ҳолат Ерга яқин орбитани келгусида фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келтириши мумкин.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: