Нуриддин Исмоилов асари: «Саҳро арслони» (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: «Саҳро арслони» (3-қисм)

Аббос ярим тунда чиқиб кетди. Юкининг оғирлиги эллик килодан кам эмас эди. Ўзи эса етмиш бир килограмм. У мана шу вазн билан эллик километр пиёда йўл босиши керак. Фақат саҳро орқали. Бирорта дарахт йўқ. Сув йўқ. Қум учиб юради. Кундузи иссиқлик эллик даражага бориб қўяди. Кечаси совуқдан тишларинг бир-бирига урилиб такиллайди. Аммо улкан мақсадинг бор экан, буларнинг барига чидашга мажбурсан. Акс ҳолда, бошқалар қатори уйингда ўтиришинг, бомбалар портлашидан ўлганларни кўз ёшинг билан олиб бориб кўмиб келишинг, кейин душманни қарғаб ўтиришинг керак…

У тонггача астойдил юрди. Қанча масофани босиб ўтганини чўнтагидаги қурилма орқали кўриб борди. Бирор қултум сув ичмади. Боиси, сув кўпроқ кундузи керак бўлади. Эҳтимол, шу ичилмаган бир қултум сув унинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин… Аста-секин тонг отиб кела бошлади. У таҳоратини бузмаган эди. Шу боис дарров намозини ўқиб олди. Сўнг яна йўлга тушди. Илдамроқ юрди. Чунки ҳализамон иссиқ бошланади. Юриб бўлмай қолади…

Вақт пешинга яқинлашди. Аббоснинг дармони қуриди. У тўхташга мажбур бўлди. Бироқ ўзини қум устига ташлаб дам олиши мумкин эмас. Агар шундай қилса, жизғанак бўлиб қолади. Ҳатто умрини мана шу саҳрода ўтказадиган калтакесаклар ҳам иссиқ бошланиши билан қум остига кириб кетишади. Шу бўйи қоронғи тушгунича чиқишмайди. Аббос эса одам. Минг чиниққан, минг бардошли эса-да, саҳро жазирамасига дош беролмайди.

У ерни кавлай бошлади. Кавлаш осон, белингдаги атиги ярим метр келадиган белкуракнинг ўзини ташлаб юборсанг ҳам қумнинг ичига кириб кетади. Қуп-қуруқ қум. Озгина шамол бўлса, бирдан учадиган қум…

У белдан пастроққача кавлагач, ўранинг ичига брезент тўшади. Ўзи ётиб, кейин устидан қум тортди. Ўранинг деворларига тегинган эди, қолган ишни қумнинг ўзи бажариб берди… Ҳаво бор. Чунки қум устидан тўкилаётганида Аббос брезентга қўшиб қўлини букиб кўтариб турганди. Кавак ҳосил бўлди. Шу кавакда ҳаво қолди…

У чарчаган эди. Шу боис дарров уйқуга кетди. Уйғониши билан қумдан ташқарига чиқса, офтоб ботаётган экан. Кун анчагина совиб қолибди. Сув ичди. Овқатланди. Кейин ҳамма лаш-лушларини йиғиштириб, яна йўлга тушди.

Бу сафар уни Худонинг ўзи ёрлақади. Қуёш энди бош кўтараётганда у эски қудуқнинг рўпарасидан чиқди. Қудуқнинг ёнида бир дона дарахт ҳам бор эди. Атрофи эса кўкаламзор. Қудуқ оғзи бетон қилинган экан…

— Аллоҳим, ўзингга минг қатла шукр. Аллоҳим, сен ўзинг менинг йўлимни очиб беряпсан! — деди ва қудуқ ичига ташлаб қўйилган симни тортди. У оғир эди. Чунки нариги учида челак бор. Челак сувга тўла.

Аббос қониб-қониб сув ичди. Овқатланди. Сўнг дарахтга суянганча уйқуга кетди. Бугун бошқача бўлди. Ҳар қалай, қум остида ухлагандан кўра, мана шундай дарахт соясида пинакка кетиш бошқача-да… Аммо у бугун кўп ухлаёлмади. Шунинг учун ҳам ибодат билан машғул бўлди. Олдинига қазо намозларини ўқиди. Кейин унга қўшимча қилди. Шундан кейин яна дам олиб ётди. Хаёлида Дунё кезиб юрди. Жилмайиб боқишлар, уялиб қочишлар… Ёшлигида у қочмасди. Ёшлигида Аббос унинг ҳусну жамолига эътибор бермаган экан. Энди ўйлаб кўрса, ўшандаям Дунё ниҳоятда гўзал экан. Бир пиёла сув билан ичиб юборгулик…

Оқшом этагини ёйиш арафасида у яна йўлга тушди. Энди масофа оз қолганди. Тун ярмига етмай чегарага етиб боради. Энди у жой чегара бўлиб чегара эмас. Ким ҳам тортарди бунақанги саҳрога тиканли симларни? Қолаверса, синонларга чегаранинг умуман кераги йўқ. Ахир улар чегараларини янада кенгайтириш билан овора-ку. Аммо бу маконлар дронлар ёрдамида кузатилади. Дрон узлуксиз учиб юради. Унинг «кўзи» жудаям ўткир. У ҳатто қумда юрган калтакесакни ҳам бемалол кўра олиши мумкин. Кеча-ю кундуз тинмайди. Шу боис дрон кезмаган пайтни пойлаш керак. Бунинг учун Аббос компьютерни ишлатишига тўғри келади. У совиган қум устига ўтирди. Елкасидаги қопга авайлаб жойланган компьютерни олиб, ундан олдин тўшаган брезент устига қўйди-да, очди.

Компьютернинг ҳам тўлқини бор. Чунки унга антенна ўрнатилган. У нимаики тўлқин бўлса, ҳаммасини топади ва бошқаради. Бу сўнгги технология.

Аббос дронни дарров топди. Дрон ундан юз қадамча нарида учиб ўтаётган эди. У компьютер орқали уни «тутиб» олди-да, кўриш майдонини чеклаб қўйди ва яна парвозга қўйиб юборди.

Учар қурилма узоқроққа кетганидан кейин эса «тақиқ»ни бекор қилди ҳамда ҳамма юкларини қайтадан қопига жойлаб, югуриб кетди. Югуришга мажбур. Чунки дрон маълум масофага етганидан кейин яна ортига қайтади. Секин учади. Бироқ, барибир, Аббосни илғаш мумкин бўлган масофага келиб қолиш эҳтимоли юқори.

Чегарадан омон-эсон ўтиб олган Аббос хотиржам юришда давом этди. Қачонки, узоқдан чироқлар кўзига ташлана бошлагач, тўхтади ва қопидан милтиғининг дурбинини олиб, чироқлар томонга қаради. Масофа жудаям олис эди. Шу боис чироқлар қандай жойники эканлигини кўриб бўлмасди. Бироқ Аббосда харита бор. У орқали чироқлари ёниб турган жой ҳарбий қисм эканлигини билиб олиш сира қийинчилик туғдирмайди…

У атрофни кузатди. Буткул яланглик. Буткул ҳамма ёқ қум билан қопланган. Гиёҳ ўсмайдиган тош, қум аралаш ва яхлит тошлардан иборат текислик. Бундан ташқари, айрим-айрим жойларида чўл ўсимликлари ҳам кўкарган. Бу ернинг бир яхши томони, шу ерда туриб бировнинг ҳужум қилишига ҳеч ким ишонмайди. Ёмон томони эса яшириниш жуда мушкул. Айниқса, дронлардан ўзини ҳимоя қилиб бўлмайди. Тўғри, Аббос компьютер орқали зўрлик билан дронлар бошқарувини қўлга олиши ва уни учирганларнинг ўзларига қарши ишлатиши мумкин. Бироқ унда турган маконини сездириб ҳам қўяди. Ахир Аббосдаги дастур уларда ҳам бўлиши мумкин-да. Гарчи дастурчи бу ягона нусхада деган эса-да, билиб бўлмайди. У ҳам одам. Танасида одам қони оқади. Унга ҳам таъсир ўтказишлари мумкин. Агар шу дастурни қилган йигитни синонлар билганларида, албатта, уни ўлдириб юборишарди. Токи у худди шундай дастурнинг нусхасини бошқаларга бериб юбормасин. Аббос ундай қилмайди. Қилолмайди. Худодан қўрқади. Қолаверса, дастурчи унинг дўсти. Жавад ибн Бадр. Синонларнинг ашаддий душмани. Ҳали айтганимиздай, турланишда синонлар, керак бўлса, буқаламунга дарс беришади. Бир айланиб бошқа миллатга айланиши, ўта художўй бўлишлари мумкин. Ва синонларнинг ўзларини шунақанги қора балчиққа белаб ташлашадики, беихтиёр унга нисбатан меҳринг жўшиб кетади ва бор будингни унинг қўлига тутқазиб қўйганингни ҳатто сезмай ҳам қоласан…

Тонг отди. Аббос қулай жой қидирди. Топди. Шимол томондан. Олдинги турган жойидан эллик қадамча наридан. Кейин ўша ерга жойлашиб, ускуналарини ўрнатди. Уларни шундай ўрнатдики, икки дақиқада ҳаммасини қайтариб йиғиштириб олиш мумкин. Сўнг тамадди қилиб олди. Сўнг милтиғининг дурбини билан душманнинг «уя»сини кузатди.

Артиллериячилар экан. Россиянинг «БМ-21»ларидан тортиб, АҚШда ишлаб чиқарилган энг сўнгги гаубицаларгача бор. Бундан ташқари, дронлар аэродромини ҳам кўрди Аббос.

Дурбин милтиққа ўрнатилди ва Аббос жилмайди:

— Ҳар қанча қуролинг бўлсин, у меникига тўғри келмайди. Бу битта нусхада. Нусхани отам ясаган. Ўқларини ҳам, — деди ва секин душман томонга қуролини тўғрилади.

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

 

‼️ Диққат! Диққат!

🟢 Муҳтарам мухлислар!

❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Саҳро арслони” китоби онлайн сотувга чиқди!

🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/05/23/nuriddin-ismoilov-asari-sahro-arsloni-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.

🔰 Онлайн китоб нархи: 30 000 сўм.

Дўстларингизга ҳам юборинг: