Тошкентда автобус ва тепловоз тўқнашди
Тошкент шаҳри Сергели туманида King Long автобуси тепловоз билан тўқнашди. Ҳодисада жароҳатланганлар йўқ. ЙТҲга темирйўл кесишмасининг назоратчи ходими воқеа жойида бўлмагани сабаб қилиб кўрсатилди.
29 май куни Тошкент шаҳри Сергели туманида автобус ва тепловоз тўқнашиб кетди, деб хабар бермоқда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси.
Соат 15:59 ларда Қамариқ кўчасида 1994 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги King Long автобуси тартибга солинмаган темирйўл кесишмасидан ҳаракатланиб келаётган «Ўзбекистон темир йўллари»га қарашли TM-3 тепловози (ҳайдовчи 1979 йилда туғилган) билан йўл транспорт ҳодасаси содир этган.
ЙТҲ оқибатида ҳеч ким жароҳатланмаган.
ЙҲХБ ҳолат юз берган жой ва унинг келиб чиқиш сабабларини ўрганди. Келгусида бу каби вазиятлар бўлмаслиги учун тегишли кўрсатмалар берилди, дейилади хабарда.
«Тошшаҳартрансхизмат»нинг қўшимча қилишича, автобус ҳайдовчиси бошқарув пайтида темирйўл кесишмасидан ҳаракатланиб ўтаётган вақтида тепловоз автобуснинг орқа ўнг томон кузов қисмига келиб урилган.
Шунингдек, тепловоз ўтишидан аввал йўналиш бўйлаб транспорт воситаларини тўхтатиб турувчи темирйўл назоратчи ходими воқеа жойида бўлмагани сабабли транспорт воситаларини тўхтатиш чоралари кўрилмаган.