Нуриддин Исмоилов асари: «Жосуснинг ўғли» (6-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: «Жосуснинг ўғли» (6-қисм)

Синглиси ҳақида гап бошланиши Собирнинг ғашига тегди. У қўлига пиёлани олди-да:

— Яна озгинадан, — деди.

Улар ичишди. Собирнинг юзи буришиб кетди. Илло, унга бу ичимлик деярли бегона эди. Ичмаган эмас, ичган, бироқ ҳамиша мана шундай қийналган…

— Белингизга тугиб кетган ноннинг, — деди Собир Эгамқул акани чалғитиш мақсадида, — ўзини ермидингиз?..

— Қайси нонни?

— Белингизга тугиб кетадиган нонни-да.

— Ҳа, йўқ. Даштда булоқ бор. Энг охирги қишлоқнинг энг охирги уйидан йигирма километрча узоқликда. Булоқ-чи, қайнаб чиқади-да, ўн метрча оққанидан кейин ернинг остига кириб кетади. Суви жудаям зўр. Ана шу булоқдан ичаман ҳар куни. Уни ичсам худди қорним тўйиб қолгандай бўлади… У булоқни мендан бошқа ҳеч ким билмайди. Чунки у ёқларга биров бормайди-да. Одамлар қўрқишади. Жин чалади, дейишади. Мен бўлсам кетавераман. Отам раҳматлининг айтишига қараганда, шу булоқнинг пастидаги ерлар ниҳоятда ҳосилдор экан. Тупроғи пўрсилдоқ, бир умр бирор нима экилмаган, деганди, отам. Фақат сув йўқ-да…

— Ўша булоқнинг сувини олиб борса бўлмайдими?..

— Йў-ўқ. Яхши ер билан булоқнинг ораси анча олис. Бирор тўрт километрча келса керак. Кейин туянинг ўркачига ўхшаб адир бўлиб ётибди ҳаммаёқ.

— Менга шу ерни кўрсатмайсизми?

— Кўрсатаман…

— Бўлди, қани яна битта-биттадан олайлик.

— Ростдан ҳам бормоқчимисиз?! — деди Эгамқул пиёлани қўлига олиб.

— Ростдан. Неча кунга келдинглар?..

— Бугуннинг ўзида қайтиб кетамиз…

— Яхши. Ҳозир овқатни еймиз-да, кетамиз. Бўптими? Лекин бировга чурқ этмайсиз. Ўша ер, булоқ тўғрисида.

— Гап йўқ…

Саида хурсанд эди. Акаси унинг эрини ёқтирмаса керак, деб ўйларди. Бунга асос ҳам бор эди-да. Эгамқул аканинг илгари уйланганлиги. Гарчи Собир унга нисбатан бундайроқ хатти-ҳаракат қилмаган, ёмон гапирмаган эса-да.

— Мен, — деди Собир, — қўшниларнинг бирортасидан машина сўраб оламан, бир кунга ҳужжатим бор. Лекин Эгамқул ака билан бирга озгина-озгина олиб қўйдик. Яна давом этказсак, ҳайдолмай қоламан.

— Ўзимиз кетаверамиз, ака, сиз овора бўлманг, — деди ҳеч нарсадан хабари бўлмаган Саида.

— Йўқ. Шу сафар мен ҳам сизлар билан бирга бораман. Янганг йўқлигида дала-даштда айланиб келай.

— Тўғри қиласиз. Аммо боришингиз билан оёғингизнинг тагига катта битта қўчқорни сўяман. Биринчидан, биринчи марта боришингиз, иккинчидан, сиздай одам ҳар кимникидаям кўриниш беравермайди. Учинчидан, ниятим бор эди. Агар қишлоқнинг одамларига Собир келяпти, десам, тўй бўлиб кетади. Сизни ҳамма яхши кўради.

— Буниси энди ортиқча, мени бормасимдан бормайдиган қилиб қўймоқчимисиз? Энг аввал кимлигим ҳақида бировга чурқ этмайсиз. Қўйни ҳам мен сабаб жувонмарг қилмайсиз.

— Биттасига кўнаман. Уйимга келганингизни бировга айтмайман. Лекин қўй сўяман, деб ният қилганман. Тамом!..

Собир кўнди.

Кейин у Самандарнинг ёнига борди. Самандарнинг машинаси бор. «Москвич». Отасидан мерос қолган. Унинг отаси олдинроқ бандаликни бажо келтирган. Район марказига энг яқин бўлган «Пахтакор» колхозида тракторчи эди. Кўп пахта тергани учун унга мукофотга беришди «Москвич»ни. Лекин шўрлик кўп минолмади машинани. Олти ой деганда касалликка чалинди. Касали бедаво экан…

— Машинанг керак, — деди Собир.

Самандар озғин эди. Қайсар эди. Бир сўзли эди. Шунинг билан бирга Собирнинг ёшликдан қадрдон дўсти эди.

— Ичиб олибсан-ку! Ўзи сен ичмасдинг-ку! Ўзим хизматингни қиламан. Қаерга десанг олиб бораман. Бу туришингда машинани бериб юборолмайман. Машинанинг дабдаласи чиқиб кетса ҳам розиман. Лекин… — деди Самандар.

— Йўқ. Хавотир олма. Унақа кўп ичмадим. Бирдан машинанинг дабдаласи чиқишини гапирма. Ҳар қадамимни пойлаб юришганини биласан.  Биттасини ўзинг ҳам айтгансан. Кейин чақириб олишиб, «Қаерга бординглар, нима қилдинглар?» деб каллангни қотириб ташлашади. Берсанг бер, бермасанг пиёда ҳам кетавераман, — деди Собир ҳам ўжарлик билан.

Самандар шу заҳоти чўнтагидан машинанинг калитини чиқарди.

Чўпон Эгамқул аканинг уйи эллик километрча узоқликда. Туманнинг энг охирги қишлоғи. Улардан кейин адир бошланади. Тоғ ҳам бор. Ясси тоғ. Илгари шу тоғда ҳам буталар бўларди. Мана, икки йилдирки, тоғ қип-яланғоч. Бор буталарнинг ҳаммасини одамлар уйларига ташиб кетишган. Ёқиб юборишган. Тандирга. Печкага.

Собир асосий йўлга чиқмади. Айланма йўллар билан қишлоқларни оралаб юрди. Шунинг билан бирга кўзгудан орт томонини кузатиб ҳам қўярди. Энди айтиб бўлмайди. Пойлоқчилар пойлоқчилигини бошлаб юборишган бўлиши мумкин-да.

Шом маҳали улар манзилга етиб боришди. Эгамқул сўзида турди. Битта ширбозни гарчи Собир қаршилик қилса-да, оёғининг остига сўйди. Ҳали терисини шилиб бўлмасидан қовурға қисмидан бир парча кесиб олди-да, Саидага берди. «Дарров ёққа ташла», деди.

Суҳбат ярим тунгача давом этди. Охирида Собир мақсадга кўчди. Бир муддат одамлардан узоқроқда яшашни истаётганини билдирди.

— Чўпонлик бўлмайди, — деди Эгамқул ака, — Лекин ерга ишлов берилса, яхши даромад қилса бўлади. Ҳеч бўлмаганда, лалми нўхат экилса ҳам бир дунё ҳосил беради. Ўн беш кунча олдин совхоз директори келганди қишлоққа. Менга «Ер олинг», деб роса тихирлик қилди. Кўнмадим. «Ким қилади ерни?» дедим. Очиғи ҳам шундай-да… Аммо ер ўн беш километр нарида. Агар меҳнат қиламан деса, сув ҳам олиб келиш мумкин. Мен ҳаммасини чамалаб чиққанман. Эринмасдан, энига бир ярим қарич, чуқурлигиям шунча бўлган ариқча қазиш мумкин. Ҳозир, мана, куз келиб қолди. Икки марта ёмғир ёғди. Ер анча бўшаган. Айни ариқ қазийдиган пайт…

— Бўлди, — деди Собир Эгамқул ака гапининг шу ерига келганида, — мен қиламан. Фақат йўл-йўриқ кўрсатиб турасиз.

Эгамқул ака негадир ўксинди. Ичида «Сендай болалар дашту далада нима қилади? Сендай болалар катта-катта ишларни қилиши керак. Сендай болаларнинг қўлидан кўп иш келади», деган ўй кечди. Аммо тилида бошқа гап айланди.

— Эртага бўлмаса, раиснинг ёнига борайлик. Бирдан қоғозларини тўғирлаб олган маъқул-да. Чунки эрта бир кун эгаси чиқиши мумкин.

Собир туни билан ухламади ҳисоб. Миясида қилиши керак бўлган ишни режалаштириб чиқди…

Директорнинг идораси қўшни қишлоқда эди. Бахтларига у идорада экан. Қиладиган иши йўқлигидан роса зерикиб, чой ичганча телевизор томоша қилиб ўтирган экан. Эгамқул чўпонни кўрганидан кейин қувонди.

— Эй-й, бормисиз, ака, ўзи бошингизга бирорта чўпни синдиришим керак эди, — деди.

Собир унинг шу гапидан билдики, Эгамқул чўпон билан директорнинг яқинлиги бор. Демак, иш битади.

Бир муддат сўрашишлардан сўнг Эгамқул чўпон мақсадга кўчди.

— Ноз қилгандилар-у, — дея кесатди директор, — ўзим айтгандим-а.

— Мана, — деб Эгамқул ака Собирни кўрсатди, — эплайдиган бола келиб қолди. Бегона эмас. Ўзимизники. Саиданинг акаси бўлади. Янгангизни-да.

Директор бир Собирга, бир Эгамқул акага қаради. Кўзлари каттарди.

— Бу ўша, мен эшитган, қилган ишлари ҳамма ёққа шов-шув бўлган болами? — дея сўради.

— Худди ўзи…

— Эй-й, укажоним, — дея сапчиб ўрнидан турди директор, — сендай йигитни ҳам кўриш насиб қиларкан-ку! Кел, бошқатдан кўришайлик. Бошқатдан, укажон!..

У Собирни маҳкам бағрига босди. Сўнг белидан қучиб кўтарди. Бир қур айлантирди. Кейин қайтиб ерга қўйди-да, Собирнинг елкасидан қоқди.

— Арслон бола! Арслон! — деб Эгамқул акага юзланди. — Ўзи сиздан илтимос қилмоқчи бўлиб юргандим. Бир бориб кўриб келайлик, деб.

— Мана, ўз оёғи билан келиб қолди, — дея жилмайганча жавоб берди Эгамқул ака.

— Бу йигит учун қанча қилсам шунча оз. Лекин айбга буюрмайсан, — деб Собирга тикилди директор, — нега сендай бола энг бир чекка жойдаги ерни тусаб юрибди?

— Озгина дам олмоқчиман…

— Тўппа-тўғри. Бировларнинг миясига келмайдиган ишни қилиб юрган одам умри давомида худди шундай йўлдан кетади. Аммо иш тутма, сен учун ҳамма нарса муҳайё бўлади. Трактор борми, ерга ишлайдиган бошқа техникалар борми, ҳаммасини бераман. Номингга ўтказиб бераман… Энди бундай қиламиз. Одамлар бизни, тоғни менсишмайди. Лекин унинг ҳам шундай жойлари борки, борсанг кетгинг келмайди. Бугун менинг меҳмонимсан. Йўқ, дейишга ҳақинг йўқ, чунки ишинг тушиб турибди. Шу ёқда ҳамма саргузаштларингни гапириб берасан…

— Унда, ака, сиздан ҳам битта илтимос, менинг келганимни, ер олганимни бировга айтмайсиз. Аслида, одамлардан қочиб келдим. Ўша сиз айтган номим бошимга бало ҳам бўлиб турибди. Келишдикми?..  Сизнинг ҳам йўқ дейишга ҳақингиз йўқ. Чунки…

— Иш тутма. Мана, Эгамқул ака менинг кимлигимни айтсин. Мен ҳам сўзидан қайтадиганлардан эмасман. Менинг ҳам орим бор. Мен чўлнинг, даштнинг боласиман. Аммо Эгамқул ака ниҳоятда тоза одам. Менга бировни яхши одам дейишса, бирдан кўз олдимга Эгамқул ака келади. Шу одамдан қанчалик яхши экан, деб ўйлайман, — дея жойига ўтирди директор ҳамда тортмасини тортиб ундан рация олди ва Собирга кўзини қисиб, — биз ҳам замондан ортда қолиб кетмаяпмиз, — деди ҳамда рацияни ёқиб, — Ҳамдам, қаердасан? — дея сўради.

Ҳамдам деганлари унинг ҳайдовчиси ҳамда барча хизматларини қиладиган Собир тенги йигит. У дарров жавоб берди. Машина-трактор паркида эканини айтди.

— Дарров етиб кел, — деб буйруқ берди директор.

Эгамқул ака қолди. «Менинг ёниб турган ишларим бор, боролмайман», деди. Аслида эса Саидадан хавотирда эди. Саида уйида ёлғиз қолиб кетади. Директорнинг одатини билади, бир маишатни бошладими, ярим тунгача давом эттиради. Саида эса ёлғиз қолишдан қўрқади. Қўрқиб қолган…

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

‼️ Диққат! Диққат!

🟢 Муҳтарам мухлислар!

❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Саҳро арслони” китоби онлайн сотувга чиқди!

🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/05/23/nuriddin-ismoilov-asari-sahro-arsloni-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.

🔰 Онлайн китоб нархи: 30 000 сўм.

Дўстларингизга ҳам юборинг: