Суперлига баҳслари кичик танаффусдан сўнг қайтмоқда

Суперлига баҳслари кичик танаффусдан сўнг қайтмоқда

Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигаси ФИФА кунлари сабаб 12 кунлик танаффусдан сўнг бошламоқда. Эртага, 14 июнь куни миллий чемпионатимизнинг 11-турига старт берилади ва бу тур 17 июнга қадар давом этади.
Бугун мусобақанинг 6-турида қолдирилган учрашуви ўтказилади. Унда «Динамо» ўз майдонида «Олимпик»ни қабул қилади. Учрашув Жиззахдаги «Сўғдиёна” марказий стадионида соат 20:00 да бошланади.

Мазкур қолдирилган ўйин натижаси гарчи чемпионат пешқадамлигига таъсир этмасада, икки жамоа учун Суперлига жадвалидаги ўз ўринларини янада яхшилаб олишига имкон яратади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мусобақа жадвалида 10-тур якунига кўра, «Насаф» 19 очко билан жадвални бошқараётган бўлса, «Навбаҳор», «ОКМК», «Нефтчи» 17 очко билан кейинги ўринлардан жой олди. «Пахтакор» 15 очко жамғариб, 5-ўринга кўтарилди. «Андижон» ва «Сўғдиёна» 14, «Сурхон» 12, «Динамо» ҳамда «Қизилқум» бир хил – 10 очко жамғарган ҳолда кучли ўнликдан ўрин эгаллади. «Олимпик» ва «Локомотив» жамоаси 9 очко билан 11-12-ўринда бораётган бўлса, «Бунёдкор» 6, «Металлург» эса 5 очко билан қуйи поғоналарда бормоқда.

Агарда бу ўйинда «Олимпик» ғалаба қозонса, «Динамо» ва «Қизилқум»дан илгарилаб кетади, «Сурхон» клуби билан бир хил – 12 очко жамғарган ҳолда 8-9-ўриндан жой олади. Аксинча, «Динамо» клуби ғолиб бўлса, 13 очко жамғарган ҳолда 8 ўринга чиқади. Фақатгина ушбу жамоалар баҳсида дуранг қайд этилса, «Динамо» 11 очко билан 9-поғонани мустаҳкамлайди, «Олимпик» эса «Қизилқум»га очколар бўйича етиб олади.

Миллий чемпионатимизнинг 11-тур учрашувлари эса 14 июнь куни «Металлург» – «Бунёдкор» клублари ўртасида бўлиб ўтади. 15 июнь куни «Нефтчи» – «Сурхон», «Қизилқум» – «Андижон» қарама-қаршилигига гувоҳ бўламиз. 16 июнь куни «Сўғдиёна» ўз майдонида «Насаф»ни қабул қилса, «Пахтакор» Тошкентда «Навбаҳор»ни меҳмон қилади. Турнинг сўнгги учрашувлари 17 июнь куни «Локомотив» – «Динамо», «Олимпик» – «ОКМК» клублари ўртасида кечади.

Суперлига 11-тур баҳсларининг бошланиш вақти барча ўйинларда соат 20:00 этиб белгиланди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: