Хитой “сариқ” огоҳлантирувчи белги вақтини узайтирди
Хитой Миллий метеорология маркази жума куни эрталаб мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида аномал иссиқ муносабати билан “сариқ” даражадаги огоҳлантириш белгиси муддатини узайтирди, деб хабар беради Xinhua ахборот агентлиги.
Миллий метеорология марказининг прогнозига кўра, жума куни кундузи мамлакатнинг Шэньси, Шаньси, Хэбэй, Шаньдун, Хэнань, Аньхой, Цзянсу, Хубэй, Хунань провинциялари, Шинжон-Уйғур автоном районининг айрим ҳудудларида, шунингдек Сичуань ҳавзаси ва Хайнань оролида ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 35-36 даража бўлади.
Шу билан бирга, Шинжон-Уйғур автоном районининг айрим ҳудудларида, Шэньси, Шаньдун, Хэнань, Аньхой, Цзянсу, Хубэй провинциялари ва Чунцин шаҳрида максимал ҳарорат 37-39 даражагача кўтарилиши, баъзи ҳудудларда эса термометр кўрсаткичи ҳатто 40 даражагача кўтарилиши мумкин.
Миллий метеорология маркази тушдан кейин очиқ ҳавода фаол машғулотлардан қочиш ва болалар ва қариялар каби заиф гуруҳларни ҳимоя қилиш учун эҳтиёт чораларини кўришни тавсия қилди.