Москва ва Киев ҳалок бўлган ҳарбийларнинг навбатдаги жасадларини алмашди
Россия ва Украина 14 июн, жума куни ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг жасадларини алмашди. Давлат думаси депутати Шамсаил Саралиевнинг сўзларига кўра, Россиянинг Украинадаги урушида ҳалок бўлган 32 аскар жасади Россияга қайтарилган. Ўз навбатида, Украинадаги ҳарбий асирларни даволаш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб украиналик ҳимоячиларнинг 254 жасади қабул қилиб олинганини эълон қилди.
«Жумладан, Донецк йўналишида жанг қилган 221 нафар ҳимоячи, Запорижжя йўналишида ҳалок бўлган 25 нафар аскар, Луҳанск йўналишидан ҳалок бўлган 4 нафар ҳимоячи ва 4 нафар ҳалок бўлган аскарнинг жасадларини ватанига қайтариш мумкин бўлди, уларнинг жасадлари Россия Федерацияси ҳудудидаги ўликхоналардан олиб келинган», – дейилади Украина штаби баёнотида. Суд-тиббий экспертиза орқали шахс аниқлангач, жасадлар дафн этиш учун қурбонларнинг яқинларига топширилади.
Ҳалок бўлган аскарлар жасадини аввалги алмашиш 31 май куни бўлиб ўтганди.