Тошкент давлат аграр университетида таълим йўналишлари босқичма-босқич халқаро аккредитациядан ўтказилади
“Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, давлат муассасаси шаклида “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасидаги лойиҳалар маркази” лойиҳа офиси ташкил этилади. Лойиҳа офиси ҳар ойда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасини ислоҳ қилиш ҳолати, амалга оширилаётган чора-тадбирлар, ислоҳотларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган омиллар ва уларни бартараф этиш йўллари тўғрисида Президент администрациясига ахборот киритиб боради.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва лойиҳа офиси томонидан:
2024 йилда мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини текшириш ва экспорт улушини ошириш учун Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида халқаро талабларга мос бўлган 3 та замонавий лаборатория ташкил этиш чоралари кўрилади.
2024/2025 ўқув йилидан аграр соҳадаги олий таълим муассасалари талабалари билимини, педагогларининг малакасини ошириш ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ходимлари фаолиятини халқаро тажрибалар асосида баҳолаш тизими такомиллаштирилади.
Тошкент давлат аграр университетида таълим йўналишлари босқичма-босқич халқаро аккредитациядан ўтказилади.
Лойиҳа офисига тегишли вазирлик ва идоралар, уларнинг тизимидаги муассасалар, илмий-тадқиқот муассасаларининг тажрибали мутахассисларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, шартнома асосида лойиҳа офиси фаолиятига жалб қилиш ҳуқуқи берилади.