Давлат хизматчиларига қимор ўйинларида қатнашиш тақиқланди
Қозоғистонда давлат хизматчиларига қимор ўйинларида қатнашиш тақиқланди
Қозоғистонда давлат хизматчилари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қимор ўйинларида қатнашиш тақиқланди. Бу борада президент Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатда қимор бизнесини тартибга солувчи қонунга тегишли ўзгартиришлар киритишга доир ҳужжатни имзолади.
Ҳужжатга мувофиқ, қимор/гаров ўйинларида иштирок этиши тақиқланган шахслар рўйхатига ҳарбий хизматчилар, бюджет ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек қарздорлар реестрига киритилган фуқаролар ҳам киради.
Шу билан бирга, масъул давлат лавозимларини эгаллаган, давлат функцияларини бажаришга ваколатли шахслар, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахсларнинг қимор ўйинларида иштирок этиши чекланган, аммо тақиқланмаган. Жумладан, давлат раҳбарининг ўзи ҳам казинода ўйнаш ёки лотереяда қатнашиш ҳуқуқига эга.
Чекловларга риоя қилмаслик уларнинг ишдан бўшатилишига олиб келади.
Қонунда қимор бизнеси ташкилотчилари фаолиятини тартибга солиш механизмлари ҳам мустаҳкамланган. Туризм ва спорт вазирлигига қимор бизнеси субъектлари қоидалари риоя этиши шарт бўлган қимор ўйинлари шохобчаси, букмекерлик идораси, тотализатор фаолияти, гаровлар қабул қилиш ва қимор/гаров ўйинлари ўтказишнинг намунавий қоидаларини тасдиқлаш топширилган.