Байден демократ конгрессменларга хат ёзди
АҚШ президенти Жо Байден Трамп билан бўлиб ўтган теледебатларда муваффақиятсиз қатнашганидан сўнг курашдан чиқиш сўраб эътирозлар кўпайганига қарамасдан, Конгрессдаги демократларга партиядан давлат раҳбарлигига номзодликдан бош тортмаслигини билдириб хат ёзди.
The Washington Post нашри томонидан эълон қилинган хатда сайловолди курашини тарк этмаслигининг асосий сабабларидан бири сифатида Байден ўтган праймериз натижаларини келтирган ва унда демократлар тарафдорлари уни қўллашганига ишора қилган.
«Демократик партия сайловчилари овоз беришган. Улар партиядан номзод сифатида мени танлашган. Энди биз бу жараён аҳамиятсиз эди, деймизми? Сайловчилар овоз бериш ҳуқуқига эга эмасми?» — дея савол қўйган Байден.
Ўзининг мурожаатномасида Байден Трамп устидан ғалаба қозониш учун энг мақбул номзод эканлигига «мутлақо ишончи комил» эканини, акс ҳолда номзодини илгари сурмаган бўлишини таъкидлаган. Унинг фикрича, буёғига қандай ҳаракат қилиш тўғрисидаги савол ёпилиши керак.
«Олдимизда турган вазифага нисбатан қатъиятнинг сусайиши ёки аниқлик йўқлиги фақат Трампга ёрдам беради ва бизга зарар келтиради. Биз учун бирлашиш вақти келди, олдинга ягона партия сифатида интилиб, Доналд Трамп устида ғалаба қозонишимиз керак», — дея фикрларини якунлаган Байден.
Маълумот учун, Демократлар якуний номзодни август ойида бўлиб ўтадиган қурултой чоғида ҳал қилишади. Аввалроқ Axios портали АҚШнинг собиқ президенти, Барак Обамадан тортиб Конгресс етакчиларигача кўплаб демократлар Байденни курашдан чиқишини исташаётганини ёзган эди. Амалдаги президентнинг ўзи эса демократлар уни қўллаб-қувватлашларига ишончи комил эканини айтган.