Тошкент Марказий вокзалидан ҳаракатланувчи кўплаб поездлар бир ой давомида Жанубий вокзалдан қатнайди

Тошкент Марказий вокзалидан ҳаракатланувчи кўплаб поездлар бир ой давомида Жанубий вокзалдан қатнайди

Тошкент Марказий вокзалидан ҳаракатланиб келаётган аксарият поездлар 15 июлидан 15 августигача Тошкент Жанубий вокзалидан қатновини амалга оширади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бу “Тўқимачи” ҳамда “Тошкент йўловчи” бекатлари оралиғидаги темир йўлда техник таъмирлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан амалга оширилмоқда.

Шу боис Олма-ота—Тошкент—Олма-ота, Тошкент—Новосибирск—Тошкент, Тошкент—Самара—Тошкент йўналишида ҳаракатланадиган йўловчи поездлари ҳамда Тошкент—Ҳожикент—Тошкент шаҳарлараро поездларидан ташқари бугунги кунда Тошкент Марказий темир йўл вокзалидан қатновини амалга ошириб келаётган барча йўловчи поездлар Жанубий вокзалдан ўз ҳаракатини бошлайди.

Жумладан, бир ой мобайнида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездлари, “Шарқ”, “Насаф” ҳамда Тошкент—Андижон—Тошкент, Тошкент—Волгоград—Тошкент, Душанбе—Тошкент—Душанбе йўловчи поездлари Жанубий вокзал ҳудудидан рейсларини амалга оширади.

Тошкент Марказий ҳамда Тошкент Жанубий вокзалларидаги барча чиптахоналар туну кун фаолият кўрсатади. Бундан ташқари, чипталарни электрон тарзда ҳам олиш мумкин.

Шунингдек, бир ой мобайнида Тошкент Марказий вокзалидаги чиптахоналардан поезд жўнашидан олдин чипта харид қилган ёки янглишиб Марказий вокзалга келиб қолган йўловчиларни Жанубий вокзалга олиб бориш учун вақтинча бепул автобуслар ҳам қўйилади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: