Нима, биз қутулмаймизми?!
Шунча гап-сўз, танқидлар бўлди. Далиллар келтирилди. Аммо барибир эски мошова эски мошовалигича қолаяпти. Бугун Тошкентда эрта тонгда, тахминан соат 6-00ларда тағин бурнимиз аччиқ кўмир ҳидини сезди, кўзларимиз эса тутуннинг гувоҳи бўлди. Бу «шаҳар ифлосланди, эсинг бўлса, четроққа чиқиб тур, кунлар роса исиб, мазут деган бир балони ёқишни тўхтатишганидан кейин келасан», дегани. Аммо унақада тирикчилик нима бўлади?.. Хуллас, аҳвол мана шундай. Пойтахтимиз анави рўйхатда яна иккинчи ўринга чиқиб олибди. Илгари талай муддат биринчида юрганди. Кейин тинимсиз ёмғир ёғди, қор тушди. Шу билан рўйхатда ҳам пастладик. Бироқ сал совуқ бўлиши билан яна асл жойимизга қайтдик-қўйдик!..