Пойтахт ҳокимлиги Кулолчилик боғи концепциясини ишлаб чиқиш бўйича сўровнома ўтказмоқда
Пойтахт ҳокимлиги ва «Тошкент инвест» компанияси шаҳар аҳолисини Миробод туманидаги Кулолчилик боғи концепциясини ишлаб чиқиш бўйича сўровномада иштирок этишга чақирди.
Тошкент шаҳри ҳокимлиги ва «Тошкент инвест» компанияси Миробод туманидаги Кулолчилик боғи концепциясини ишлаб чиқиш мақсадида шаҳар аҳолиси ўртасида сўровнома ўтказмоқда.
Сўровномада мазкур ҳавола орқали қатнашишингиз мумкин.
Сўровноманинг муқаддимасида таъкидланганидек, боғ концепцияси қулай макон яратиш мақсадида ишлаб чиқилмоқда. «Биз унинг ҳудудида сиз — аҳоли нимани кўришни хоҳлашингизни билмоқчимиз», дейилади унда.
Кулолчилик боғи (Халқаро кулолчилик боғи) Алишер Навоий номидаги академик катта театри орқасидаги кичик майдон бўлиб, Бухоро ва Ислом Каримов, Зарафшон ва Нуронийлар кўчалари оралиғида жойлашган (харитага қаранг).
Сайёҳлик сайтларида бундай боғ яратиш таклифи 1988 йилда Тошкентда ўтказилган кулоллар симпозиумида илгари сурилгани қайд этилган. Боғда турли мамлакатлардан келган ҳайкалтарошларнинг асарлари намойиш этилган.
Сўровномада пойтахт аҳолисига қуйидаги саволларга жавоб бериш сўралади:
-Боғнинг ҳолати ва тўлдирилишида нималар сизни қониқтирмайди?
– Сизнингча, у имконияти чекланган инсонлар ва болалилар учун мосми?
– Имконияти чекланган инсонлар ва болали ташриф буюрувчилар учун боғда нималар етишмайди?
– Боғда қандай объект ва функцияларни кўришни хоҳлайсиз?
Эслатиб ўтамиз, «Тошкент инвест» давлат компанияси 2023 йилда Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, шунингдек, улардаги корхона ва муассасалар мулки ҳолатини таҳлил қилиш, мавжуд ресурслар ва имкониятларни аниқлаш, муниципал активларни бошқариш кабиларни мувофиқлаштириш мақсадида ташкил этилганди. Таъкидланганидек, мазкур корхона Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бизнес ўртасида «кўприк» бўлиши режалаштирилган.