Тарихий натижа. Улуғбек Рашитов — таэквондо бўйича икки карра Олимпия чемпиони

Тарихий натижа. Улуғбек Рашитов — таэквондо бўйича икки карра Олимпия чемпиони

68 килограммгача тоифада Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони бўлган 22 ёшли спортчи финалда Осиё ўйинлари вице-чемпиони иорданиялик Заид Абдул Карим билан куч синашди. Рақиблар 2023 йил сентябрь ойида Осиё ўйинлари финалида тўқнаш келишган, ўшанда ўзбекистонлик ғалаба қозонган эди, 2022 йилги баҳсда эса иорданиялик ютган.

 

Учрашув бошида Заид Карим ҳисобни очди (2:0), аммо Рашитов бошга йўллаган аниқ зарбаси эвазига устунликни қўлга кирита олди (5:2). Биринчи раунд 5:4 ҳисобида ўзбекистонлик фойдасига ҳал бўлди. Иккинчи даврада Ўзбекистон вакили ҳимоявий ҳаракат қилиб, 3:1 ҳисобини қайд этишга муваффақ бўлди. Якуний ҳисоб 2:0.

 

Улуғбек Рашитов 2002 йил 23 мартда Тошкент шаҳрида туғилган. 2016 йилдан Ўзбекистон кадетлар терма жамоаси, кейин ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари таркибидан ўрин олган, сўнг терма жамоага ўтган. Мураббийи — Павел Хан (унинг «Газета.uz»га берган интервьюсини шу ерда ўқишингиз мумкин). 2018 йилда Тунисда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритган. Ўша йили Буэнос-Айресдаги ўсмирлар Олимпия ўйинларида кумуш медални олган. 2019 йилда Ухан шаҳрида ўтган ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида у шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган.

 

Токио-2020 Олимпиадасида Улуғбек Рашитов олтин медални қўлга киритган ва шу орқали ўзбек спорти тарихида янги саҳифа очган. Айнан у 19 ёшида Олимпия чемпиони унвонига эга чиқишга муваффақ бўлган биринчи ўзбек таэквондочиси ва Ўзбекистон тарихидаги энг ёш Олимпия чемпиони бўлган. Шунингдек, Конья-2021 Ислом бирдамлиги ўйинлари ва Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинларида ҳам олтин медалларни қўлга киритган. 2023 йилда Боку (Озарбайжон)да бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритган. Хизматлари учун «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирланган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: