Наманганда қўлбола дори тайёрлаб сотган шифокор қамалди

Наманганда қўлбола дори тайёрлаб сотган шифокор қамалди

Аввалроқ Наманганда Чортоқ туман ТТЁ фельдшери ўзининг яшаш хонадонида яширин цех очгани ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хаюар берилганди.

Маълум бўлишича, фельдшер 1000 дона “Зодак” дори воситаларини сотиш мақсадида Андижон вилоятига юбормоқчи бўлган.

Шунингдек, унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, дори воситалари ишлаб чиқариш учун мўлжалланган яширин цех борлиги аниқланиб, сотиш учун тайёрлаб қўйилган 763 дона “Анаферон”, 2125 дона “Зодак”, 4000 дона “Витамин В6” дори воситалари, 570 дона номсиз флаконларда сироплар, дори препаратларини қадоқлашда фойдаланиладиган флаконлар, пластик қопқоқ ва пробкалар, дори қутилари ва йўриқномалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Таъкидланишича, мазкур шахс дори воситаларини тайёрлаш ва сақлаш учун ўзининг опасини ҳамда қариндошини жалб қилган.

Тадбир давомида унинг опасининг яшаш манзилидан ҳам 120 дона “Зодак”, 260 дона “Анаферон”, 96 дона “Хилак Форте” ва 313 дона номсиз флаконларга солинган сироп ҳолидаги дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тергов жараёнида тез ёрдам фельдшерини дори воситалари тайёрлашда керак бўладиган этикетка, флакон, қопқоқ ва пробкалар, дори қутилари ҳамда йўриқномалар билан Андижон шаҳрида яшовчи шахс таъминлаб турганлиги аниқланди.

Шунингдек, ушбу жиноятга алоқадор бўлган Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаронинг яшаш хонадонида тинтув ўтказилганда, ушбу фельдшердан сотиб олинган, умумий қиймати 27 млн 646 минг 800 сўмлик 150 дона “Зодак” ва 146 дона “Хилак Форте” дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Тергов жараёнида қўлбола усулда тайёрланган дори воситаларининг олди-соттисига Чортоқ туманида яшовчи тиббиёт йўналишидаги давлат олий таълим муассасасининг талабаси ҳам алоқадор эканлиги маълум бўлди.

Таъкидлаш лозимки, яширин цех шароитида тайёрланган дори воситалари асосан Андижон ва Қўқон шаҳарларида сотувга чиқарилган.

ЖИБ Янгиқўрғон туман суди томонидан мазкур шахслар ЖКнинг 186-3-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, Чортоқ туман тез тиббий ёрдам фельдшери ҳамда уни хом-ашё билан таъминлаб турган, Андижон шаҳрида яшовчи фуқарога 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Қолган 4 нафар шахснинг ҳар бири 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: