Германияга TAURUS захираларини тўлдириш учун икки йил керак
Германия ҳукумати Киевга топширишга қарор қилган тақдирда, мамлакатга узоқ масофали TAURUS қанотли ракеталари захирасини тиклаш учун икки йил керак бўлади. Бу ҳақда Британиянинг Financial Times (FT) газетаси 15 март, жума куни экспертларга таяниб хабар берди. Қанотли ракеталарни ишлаб чиқаришни кўпайтириш ёки қайта тиклаш «бир кечада содир бўлмайди – ишлаб чиқаришни кўпайтириш ёки қисмларни ишлаб чиқаришни қайта тиклаш керак, аммо буларнинг барчаси вақт талаб этади», дея Халқаро стратегик тадқиқотлар институти эксперти Дуглас Барридан иқтибос келтиради нашр.
Taurus Systems директори Йоахим Кнопф, агар буюртма олинса, ракета ишлаб чиқариш тезда тикланиши мумкинлигига ишонтирди, аммо таҳлилчиларнинг фикрига кўра, аслида TAURUS арсеналини тўлдириш учун тахминан икки йил керак бўлади.
FT таъкидлаганидек, ишлаб чиқариш линиялари ҳозирда тўхтаган. Охирги марта улар 2019 йилда Жанубий Корея ҳукуматидан буюртма олинганида ишлаган. Financial Times газетаси ёзишича, Германиянинг Шробенхаузен шаҳрида жойлашган заводлар фақат сотилган ракеталарни таъмирлайди. Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳар бир ракета буюртма ҳажмига қараб, тахминан 1,5 миллион евро туради.
Осло университети илмий олими Фабиан Хоффманнинг ҳисоб-китобларига кўра, Бундесвернинг арсеналида ҳозирда 600 га яқин TAURUS ракеталари мавжуд бўлиб, улардан фақат ярми шай ҳолатда.