Беларус ўзининг YouTube муқобилини тақдим этди

Беларус ўзининг YouTube муқобилини тақдим этди

Беларус ҳукумати мамлакатда YouTube видеохостингининг муқобили ишга туширилганини маълум қилди, деб хабар беради президент администрацияси бошлиғи ўринбосари Владимир Перцев.

«Videobel.by видеохостинги бу бизнинг биринчи ОТТ-платформамиз бўлиб, у ерга дастурлар ва турли рукнлар, ҳатто видеоконтент яратувчиларнинг эфирга кетмайдиган материаллари ҳам жойлаштирилади. Бу анча кучсиз муқобил бўлиши мумкин, аммо Беларус YouTube’ини яратишдаги биринчи қадамдир», — дейди Перцев.

Бу ҳақда у президент Александр Лукашенкога берган ҳисоботида айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, лойиҳа 12 сентябр куни ишга туширилади.

Бунга қадар Россияда тўртта маҳаллий видеохостинг — RuTube, «ВК», Nuum ва «Платформа» ишга туширилган эди. РФ Давлат думасининг Ахборот сиёсати бўйича қўмитаси аъзоси Антон Горелкинга кўра, уларнинг ҳеч бири YouTube’га сезиларли рақобат туғдира олмаган.

Август бошидан бери Россияда YouTube фаолияти ёмонлашгани ҳақида шикоятлар кўпайди. Масалан, 2 август куни «Сбой.рф» сервиси 15 мингдан ортиқ шикоятни қайд этган бўлиб, бу одатий кўрсаткичлардан сезиларли даражада юқори.

Дўстларингизга ҳам юборинг: