Вазият юмшади: Миср президенти 12 йил деганда илк бор Туркияга борди
Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған билан музокараларда иштирок этиш учун бугун расмий ташриф билан Анқарага борди. Бу минтақавий кучлар ўртасидаги муносабатлар илиқлашган бир пайтда икки давлат ўртасидаги сўнгги 12 йилдаги биринчи президент ташрифидир.
Учрашув Режеп Таййип Эрдоғаннинг февраль ойида Қоҳирага сафари ортидан бўлиб ўтди, бу унинг 2012 йилдан бери биринчи бўлиб ўн йил давомида кескин таранглашган муносабатларни тиклаш йўлидаги катта қадами бўлди.
Миср президентининг Анқарага ташрифи 2014 йилда лавозимга киришганидан бери илк бор ва унинг туркиялик ҳамкасби Режеп Таййип Эрдоған таклифига биноан амалга оширилмоқда.
– Туркия ва Миср ўртасидаги муносабатлар ҳар томонлама кўриб чиқилади ва ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келгуси даврдаги мумкин бўлган қўшма қадамлар муҳокама қилинади, — дейилади Туркия президенти матбуот хизмати хабарида.
Бир кунлик ташриф доирасида икки давлат олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади. Унда Туркия-Миср муносабатлари ҳар томонлама кўриб чиқилади ва ўзаро савдо айланмасини йилига 10 миллиард доллардан 15 миллиард долларга ошириш учун ташланиши мумкин бўлган муштарак қадамлар муҳокама қилинади.
Миср ва Туркия раҳбарларининг музокараларида Фаластин-Исроил можаросини тартибга солиш, бошқа минтақавий ва глобал муаммоларни ҳам муҳокама қилиш режалаштирилган.
– Икки томонлама муносабатлардан ташқари, долзарб минтақавий ва глобал муаммолар, айниқса Исроилнинг Ғазо сектори ва босиб олинган Фаластин ҳудудларига ҳужумлари юзасидан фикр алмашилади, — дея қўшимча қилди Туркия президенти матбуот хизмати.
Ташриф чоғида икки давлат ўртасида энергетика, мудофаа, туризм ва таълим каби соҳаларни қамраб олган 20 га яқин шартнома имзоланиши кутилмоқда. Қайта тикланадиган энергия ва суюлтирилган газ соҳасидаги ҳамкорлик ҳам кун тартибида, деб хабар беради Anadolu агентлиги.
Туркияга давлат раҳбарлари даражасидаги охирги ташриф 2012 йилда Мисрнинг собиқ президенти Муҳаммад Мурсий томонидан амалга оширилган эди.
Анқара ва Қоҳира ўртасидаги муносабатлар 2013 йилда Мисрнинг амалдаги президенти, ўша пайтдаги армия қўмондони Абдулфаттоҳ ас-Сиси Туркиянинг иттифоқчиси сифатида кўрилган “Мусулмон биродарлар” етакчиси Муҳаммад Мурсийни ағдарганидан сўнг кескин ёмонлашган.
2013 йилда ҳар икки давлат ўз элчиларини чақириб олган эди. 2021 йилнинг март ойида Туркия ТИВ Миср билан дипломатик даражада алоқалар тикланишини эълон қилди. 2023 йил июль ойида икки давлат Анқара ва Қоҳирага элчиларини тайинлаш орқали дипломатик муносабатларни тўлиқ тиклади.