Европа Иттифоқи Мисрга 7,4 млрд евро миқдорида ёрдам беради
Ғазо сектори ва Судандаги можаролар Европага миграция босимини кучайтириши мумкинлигидан хавотирда, Европа Иттифоқи Мисрга иқтисодини мустаҳкамлаш учун 7,4 миллиард евро миқдорида ёрдам пакети ажратади. Бу ҳақда euronews.com хабар берди.
Битим Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ҳамда Бельгия, Италия, Австрия, Кипр ва Греция раҳбарларининг Қоҳирага ташрифи чоғида имзоланади.
Ёрдам пакети келгуси уч йилга (2024-2027) грантлар ва кредитларни ўз ичига олади.
Европа Иттифоқининг Мисрдаги делегацияси ҳужжатига кўра, бу Қоҳира ва Брюссель ўртасида турли соҳаларда, жумладан, иқтисодда ҳам ҳамкорликни кенгайтиришга йўл очади.
Европа Иттифоқи Миср ҳукуматига ўз чегараларини, айниқса Африка ва Яқин Шарқдаги қашшоқлик ва можаролардан қочган муҳожирлар учун асосий транзит нуқтаси бўлган Ливия билан чегараларини мустаҳкамлашда ёрдам беради.
Миср ўнлаб йиллар давомида уруш ёки қашшоқликдан қочиб қутулмоқчи бўлган Африканинг Саҳрои Кабирдан давлатларидан келган муҳожирлар учун бошпана бўлиб келган. Баъзилар учун Миср мақсад ва бошпана, улар етиб боришлари мумкин бўлган энг яқин ва энг осон мамлакатдир. Бошқалар учун бу Ўрта ер денгизидан Европага хавфли ўтиш олдидан транзит нуқтасидир.