Қорақалпоғистондаги Махсус қабулхонада қандай камчиликлар аниқланди?

Қорақалпоғистондаги Махсус қабулхонада қандай камчиликлар аниқланди?

2024 йилнинг 5 сентябрь куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили Ж.Шлымбетов Элликқалъа туманидаги Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Жамоат хавфсизлиги хизмати, Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Махсус қабулхонасига мониторинг ташрифини амалга оширди. Унда “Юксалиш” умумиллий ҳаракати ҳамда “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари ҳам иштирок этди.

Мониторингда Махсус қабулхонада сақланаётганларнинг яшаш шароитлари,  ошхона, ювиниш хоналари, тиббиёт бўлими, кутубхона ҳамда сайрга чиқиш жойлари кўздан кечирилди.

Шу билан бир қаторда, махсус қабулхонада сақланаётган шахслар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.

Белгиланган сиғимдан ортиқ шахслар сақланаётган мазкур махсус қабулхонада қатор камчиликлар ҳам аниқланди. Жумладан, ювиниш хоналари санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслиги, кутубхонада китобларнинг камлиги, шу кунга қадар муассасада сақланаётган шахсларни меҳнатга жалб қилиш чоралари кўрилмагани маълум бўлди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Қонунида маъмурий қамоққа олинган шахсларни рағбатлантириш ва уларга нисбатан қўлланиладиган интизомий жазо чоралари тартиби белгиланган бўлсада, муассасада сақланаётган шахсларни рағбатлантириш ҳақида буйруқлар ва рўйхатга олиш китоби мавжуд эмаслиги аниқланди.

Мониторингда аниқланган камчиликлар бўйича муассаса раҳбариятига Омбудсман минтақавий вакили томонидан тавсиялар тайёрланди.

Мониторинг ташрифи давомида аниқланган камчиликлар юзасидан уларни ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритилади.

Эслатиб ўтамиз, Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан аниқланган камчиликлар бўйича таҳлилий маълумотлар Олий Мажлис палаталарига тақдим этиб келинмоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича

вакили (омбудсман) Ахборот хизмати

Дўстларингизга ҳам юборинг: