НАТОнинг янги бош котиби: “Альянс Россиянинг ядро қуролидан фойдаланиш хавфини кўрмаяпти”

НАТОнинг янги бош котиби: “Альянс Россиянинг ядро қуролидан фойдаланиш хавфини кўрмаяпти”

НАТОнинг янги бош котиби Марк Рютте альянс Россия ядровий доктринасидаги ўзгаришлардан хавф кўрмаслигини айтди. У Москвани “масъулиятсиз ядровий риторикаъда айблади. Худди шундай фикрни яқинда Альянснинг собиқ бош котиби Йенс Столтенберг ҳам билдирган эди.

 

“Биз Кремлдан таҳдидларни эшитдик. Аммо, шу билан бирга, биз ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидини кўрмаяпмиз”, деди Рютте бош котиб сифатидаги биринчи матбуот анжуманида. У бугун Йенс Столтенбергни бу лавозимда алмаштириб, бош котиб сифатидаги фаолиятини бошлади.

 

Йенс Столтенберг бир кун аввал, 30 сентябрь куни Россия ядровий доктринасидаги ўзгаришлар Ғарбнинг Украинага ёрдам кўрсатишига тўсқинлик қилишга уриниш эканини айтганди. Унинг қўшимча қилишича, ҳозирча альянсдан ҳеч қандай жавоб керак эмас.

 

25 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин ядровий доктринага киритиладиган ўзгаришларни эълон қилди. Ҳужжатга кўра, ядро қуролидан фойдаланишга дронлар, ракеталар ёки ҳарбий самолётларнинг оммавий равишда учирилиши ҳақидаги маълумотлар асос бўлиши мумкин.

 

Янгиланган доктринада, шунингдек, ядровий давлат кўмагида ядрога эга бўлмаган давлат томонидан Россияга қарши тажовуз қўшма ҳужум сифатида қаралиши айтилади. 29 сентябрь куни Кремль ядровий доктринага киритиладиган ўзгаришлар аллақачон тайёрлангани ва тез орада расмийлаштирилишини эълон қилди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: