Элчи Улуғбек Мақсудов ўз миссиясини якунлади

Элчи Улуғбек Мақсудов ўз миссиясини якунлади

Ўзбекистон элчиси Улуғбек Мақсудов Саудия Арабистонидаги дипломатик миссиясини якунлади. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар берди.

 

Маълум қилинишича, Қироллик расмийлари билан ўтган хайрлашув учрашувларида сўнгги йилларда Ўзбекистон-Саудия Арабистони муносабатлари сезиларли даражада фаоллашгани таъкидланган.

 

2022 йил 17-18 август кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига тарихий давлат ташрифи бўлиб ўтган. Давлат раҳбари 2023 йил 19 июл куни Жидда шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши етакчиларининг биринчи саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан қиролликда бўлган.

 

Ушбу ташрифлар туфайли қисқа вақт ичида икки томонлама муносабатлар ўзаро ҳамкорликнинг барча йўналишларида жадал ривожланган. Бунга Савдо, иқтисод, инвестициялар, фан, техника, маданият, спорт ва ёшлар ишлари бўйича Ўзбекистон-Саудия Арабистони ҳукуматлараро комиссиясининг учта йиғилиши ҳамда икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг учта давраси ўтказилгани ҳам ҳисса қўшгани таъкидланган.

 

Айни пайтда Тошкент шаҳрида Ташқи ишлар вазирларининг иккинчи учрашуви, 2025 йилда эса “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” стратегик мулоқоти бўйича давлат раҳбарлари саммитига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

 

“Томонлар савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратди. Икки мамлакатда Ўзбекистон ва Саудия Арабистонининг етакчи компаниялари иштирокида навбатма-навбат 8 та бизнес-форум ўтказилди. Ўзбекистон – Саудия Арабистони ишбилармонлар кенгашининг 3 та йиғилиши – Бухоро, Тошкент ва Ар-Риёзда муваффақиятли ўтказилди”, дейилади хабарда.

 

Қайд этилишича, ҳозирги вақтда Саудия Арабистонининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган жами инвестицияси 30 млрд доллардан ортиқни ташкил этади. 2-3 май кунлари бўлиб ўтадиган 3-Тошкент халқаро инвестиция форумида Саудия Арабистони бизнесининг фаол иштироки кутилмоқда.

 

Улуғбек Мақсудов элчи лавозимида 2018 йилнинг май ойидан бери ишлаб келаётганди. У бош қароргоҳи Жидда шаҳрида жойлашган Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги Ўзбекистоннинг доимий вакили ҳам бўлган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: