Трамп янги тайинловларни эълон қилишда давом этмоқда
АҚШнинг 47-президенти этиб сайланган Доналд Трамп Вашингтон маъмуриятига янги тайинловларни эълон қилиб, ўз жамоасини танлашда давом этмоқда.
АҚШ матбуоти хабарига кўра, Трамп ўз маъмуриятига қатор тайинловлар, жумладан, меҳнат, уй-жой ва шаҳарсозлик бўйича котиб лавозимини ҳам эълон қилган.
Хусусан, Трамп Лори Чавес-Деремер номзодини Меҳнат департаменти раҳбарлигига таклиф қилди.
«Лорининг бизнес ва меҳнат жамоалари томонидан кучли қўллаб-қувватланиши Меҳнат вазирлиги барча қатламлардаги америкаликларни бирлаштира олишини таъминлайди», деди Трамп.
Америка футбол лигасининг собиқ футболчиси ва Трампнинг Оқ уйдаги собиқ ёрдамчиларидан бири Скотт Тёрнер уй-жой ва шаҳарсозлик бўйича котибликка номзод сифатида кўрсатилган.
Бундан ташқари, Трамп АҚШ озиқ-овқат ва фармацевтика идораси (FDA) раҳбари лавозимига профессор Марти Макари номзодини, Оқ уй бошқарув ва буджет департаменти директори лавозимига Рассел Воут номзодини илгари сурди.