Нуриддин Исмоилов асари: “Жиноятнинг йирик вакиллари” (23-қисм)
Зубайда офисда эди. Нодира билан чақчақлашиб ўтирарди. Ахир иккиси энди ҳақиқатан ўртоқ бўлиб қолишганди-да. Бирдан қўнғироқ бўлиб қолди. Зубайда қўл телефонини олиб қараса, экранда Саъдулланинг исми ёзилиб турибди. У қошларини чимирди.
— Нега керак бўлиб қолибман? — деди ўзига ўзи.
— Ким? — дея сўради Нодира эркинсиниб.
— Он ҳазратларининг ўғиллари, — деб жавоб қилди Зубайда ва телефонни ёқиб: «Алло!» деди овозини янада юмшатиб.
— Хоним, офисдамисиз? — сўради Саъдулла.
— Худди шундай.
— Келинг. Мен сизни ишхонамда кутаман.
Саъдулла шундай деб телефонни ўчирди. Зубайда «нега?» деб сўрамоқчи эди, улгурмади.
— Ёнларига боришим керак экан, — деди у Нодирага.
— Зарур иши бўлса керак-да.
— Балки… Сиз Талъатга хабар беринг…
Талъатга хабар бериш шарт эмас. У пастда, машина ичида ўтирарди. Машина яп-янги: «Мерс». Унинг салонида ўтирган сайин ўтиргинг келади. Мана, у Зубайдани олиб келганидан бери тушгани йўқ. Ҳали у ёғини кўряпти, ҳали бу ёғини ўрганяпти. Қўнғироқ бўлди. Нодира хоним чиқаётганлиги ҳақида хабар берди.
У йўл бўйи Талъатга бир оғиз ҳам гапирмади. Хаёли Саъдулла билан банд эди. «У мендан нимани истаяпти? Агар кўнгли аввалгидай ҳолни тусаётган бўлса, ҳозир имконим йўқ. Кўнглини оғритиб қўйишим мумкин. Гап хоҳишнинг бор-йўқлигида эмас. Шунчаки ҳорғин юрибман. Чунки чарчаганман. Ҳомиладорлик даври бироз қийнаяпти», дея кўнглидан ўтказди…
Шу пайт Талъат кутилмаганда тормозни қаттиқ босди. Хаёл суриб ўтирган Зубайда олдинга силтанди. Бошини олдинги ўриндиқ суянчиғига уриб олишига бир бахя қолди.
— Тентакми бу?! — деди ғазаб билан Талъат.
— Нима бўлди?! Нега бунақа тўхтадингиз?! — дея сўради жаҳли чиққан Зубайда.
— Анави овсар учинчи йўлдан буриляпти! Сал қолса, уриб олаёздим. Яна «Дамас».
— Унда машинани тўхтатинг-да, бориб гаплашиб келинг. Ўзи бир нарса бўлганга ўхшайди. Боринг тез, қаранг!
Талъат машинани йўл четига тўхтатди-ю, дарров пастга тушиб, буларнинг уловидан тўрт-беш қадам нарида қийшайганча тўхтаб турган «Дамас» томонга югурди…
Эшикни очибоқ, ҳайдовчини сўкмоқчи эди, бироқ ичкаридаги ҳолатни кўриб, тилини ичига ютди: «Дамас» эгаси бошини рулга қўйганча ҳушидан кетган, қўллари эса икки томонда осилиб турарди. У қўрқиб кетди.
— Амаки, амаки! — дея жон ҳолатда бақирди.
Аммо ҳайдовчи жавоб бермади. Талъат унинг елкасидан ушлаб, озгина қимирлатганди, ҳайдовчи ёнига қулай бошлади…
Бу пайтда яна беш-олти йигит у ерга етиб келган эди.
Кимдир: «Тез ёрдамга қўнғироқ қилиш керак», — деди…
Ҳайдовчини кўтариб ерга туширишди. Унинг ранги сочлари каби оппоқ эди. Нафас олиши сезилмасди.
— Ўлиб қолганга ўхшайди, — деди биров…
Яна хотин-халаж, бошқа одамлар тўплана бошлади. Бирпасда ҳамма ёқ одамга тўлиб кетди.
Талъат уларнинг орасидан сирғалиб чиқди. Кўнгли алланечук бўлиб Зубайданинг ёнига келди.
— Тинчликми? — сўради Зубайда.
— Ўлиб қолганга ўхшайди.
— Йўғ-э, — деди бирдан кўзлари олайган Зубайда.
— Шундай. Менимча, инфаркт.
— Тез ёрдам…
— Чақирдик. Ҳализамон етиб келишади. Бечора олтмиш ёшлар атрофида экан. Шу ерга келганда юрак сиқиб қолганини қаранг. У бошқа машиналарни уриб юбормаслик учун четга чиқмоқчи бўлган. Мен уни ичимда сўккан эдим, қайтариб олдим.
— Яқинларига хабар бериш керак.
— Ҳализамон милиция ҳам келади. Ўзлари хабар беришади… Энди эртароқ ўзимиз бу ердан чиқиб олишимиз керак.
Талъат вақтида ҳаракат қилган экан. Йўқса, бу ерда бир неча соат қолиб кетиш мумкин эди…
Олдиндан қўриқчиларга айтиб қўйилган экан. Шу боис Зубайда Саъдулланинг офисига етиб бориб, ичкарига кираётганида, қўриқчилар йўлини тўсишмади. Қайтага, дарров иззат-икром кўрсатишга тушиб кетишди.
Зубайда уларнинг қилиғига кулиб қўйди.
Котиба уни кўриши билан Саъдулланинг хонаси эшигини очди. Кирганидан кейин эса ортидан ёпиб қўйди.
— Хоним, — деди Саъдулла бирдан қучоғини очиб, — келишингиз чўзилиб кетди.
— Учишнинг имкони йўқ. Бўлганида учардим. Яна йўлда фалокат бўлди, — дея жавоб қилди Зубайда.
— Қанақа фалокат? — деб сўради Саъдулла.
— Бир одамнинг умри поёнига етган экан.
— Тушунмадим.
Зубайда хўрсинди. Сўнг бўлган воқеани бирма-бир сўзлаб берди. Охирида ҳали ҳам ўзига келолмаётганини қўшиб қўйди.
Фақат шундан кейингина улар замонавий услубда кўришишди, Саъдулла олдин графинда сув қуйиб, Зубайдага ичирди. Сўнг унинг белидан қучиб, оромкурсига ўтқазди.
— Нима бўлди? — дея сўради Зубайда.
— Юрагим сиқилаяпти, — деб жавоб қилди унинг ёнига ўтирган Саъдулла.
— Тинчликми?
— Бир томондан қараганда, тинчлик. Аммо Гулчечак айнияпти. Уни мутлақо тушуниб бўлмай қолди. Ғалати. Бизнинг уйда кузатилмаган ҳолат. Аммо у айнияпти.
— Қанақасига айниши мумкин? — дея ўзини ҳайрон кўрсатди Зубайда.
— Рашки кучайиб кетяпти. Очиқ айтолмайди. Аммо пичинглари жонимга тегяпти. Бир-икки марта тортишиб қолдик. У, шубҳасиз, бойнинг қизи. Болалигидан ҳамма нарсаси бор. Аммо мен ҳам кичкина одаммасман, тўғрими?
— Оббо! — деб унинг сочларини силай бошлади Зубайда. — Сиз эркаклар ёш болага, гўдакларга ўхшайсиз. Сиздай эркакни, мана, ман рашк қиламан-у, Гулчечак қилмасинми?
— Рашк қиласиз?!
— Албатта. Орамиздаги муносабатлардан сўнг рашк қила бошлаганман.
— Нега унда индамайсиз?.. Наҳотки ҳаммасини ичингизга ютиб юрган бўлсангиз?! Мен «Зубайда барини унутиб юборди. Бўлди, ундай онлар қайта такрорланмаса керак», деб ўйлаб юргандим.
— Қандай қилиб индайин? Ҳамма йўлларим ёпиқ бўлса. Ахир ўшанда мен қуш каби енгил бўлганман. Илгари ҳис этмаган туйғуларни ҳис этганман.
— Наҳотки?..
Зубайда кулди. Сўнг бошини эгди. «Яна маҳоратим ишлаб кетди. Яна мен олдиндан режалаштирмаган гапларимни гапиряпман. Тўғри, анча туйғулар бўлган ўшанда. Бироқ ундай нарсани олдиндан биламан-ку. Мен учун янгилик эмас-ку. Биринчи ўринда мен ўзимни ўйлайман. Ўзим эришиб бўлганимдан кейин навбатни шеригимга бераман. Аммо булар айтилмайдиган гаплар. Айтилса, шубҳасиз, обрўси тушиб кетади. Айтилса, шубҳасиз, манави, қолаверса, Достон ўзини бошқача тута бошлайди. Бу эса мен учун жуда оғир юк. Ҳар қандай юкни кўтара оламан. Бироқ бунақаси менга оғирлик қилади», дея кўнглидан ўтказди у.
— Достон-чи? — деб Зубайданинг кўзларига тикилди Саъдулла.
— Уни мендан кўра ўзингиз яхшироқ биласиз. Ахир ёшликдан бирга ўсгансизлар. Маслаҳатим, эътибор берманг. Худди менинг рашкимга эътибор бермаганингиз каби. Йўқса, шунинг атрофида ўралашиб қоласиз. Ахир он ҳазратлари бир кунмас-бир кун ўзларининг жойларини икки ўғлидан бирига топширади-ку…
— Билмадим. Бунга мен ишонмайман. Акам эса мутлақо ишонмайди. Аммо унда интилиш сезилади. Ҳозир эса менинг энг катта бош оғриғим — Гулчечак. Шу пайтгача, эрталабдан бери, тўғрироғи, соат ўндан бу ёғига тўрт марта қўнғироқ қилди…
Зубайда ўрнидан турди. Маҳоратини ишга солди. Силади, сийпади, ширин гапларини кўнгилга ёқадиган товушда гапирди. Сочларининг орасидан бармоқларини юрғизди. Ана ундан кейин…
— Сиз матонатли, қони тоза одамсиз. Биз аёлларнинг майда-чуйда инжиқликларимизга сиз умуман эътибор берманг. Сизни олдинда жуда катта ишлар кутяпти. Бу биринчи масала бўлса, иккинчиси, Гулчечак ҳам худди мен каби ҳомиладор бўлиши мумкин, — деди.
— А?! Йўғ-э! — дея ҳайрон бўлди Саъдулла. — Менимча…
— Худо сиздан сўраб ўтирмайди-ку. Бераман, дедими, беради. Шундай экан, Гулчечакни тушунишингизни истайман.
— Сен нега уни ҳимоя қилаяпсан? У сенга душмандай бир гап эмасми? — деди Саъдулла беихтиёр уни сенлаб.
— Қизиқмисиз, Саъдулла ака, нега душманим бўлар экан? Сиздай инсоннинг ёнида, озми-кўпми, сизга нафи тегиб юрибди. Мен уни қандай қилиб ўзимга душман ҳисоблайин? Унақада Достон акам ҳам сизга душман бўлиб қолади. Шундай экан, бундай нарсаларни унутинг. Мен ҳеч қачон қадрдонларимнинг маслаҳатчиларини ўзимга рақиб ҳисобламайман, — деб секингина ўпиб қўйди.
Саъдулланинг юраги гупуриб кетди.
— Нега Гулчечак сендайин ақлли эмас? — деди у.
— Адашасиз. Ақлли. Фақат озгина меҳр беринг, ана ундан кейин ақлига ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз. Энди менга рухсат беринг. Роса ўзимни беҳузур ҳис этяпман. Менда ҳам ҳомиладорлик оғир кечяпти. Мен ҳам бир-икки марта ўртоғингизга қаттиқроқ гапириб юбордим… Ҳа, айтганча, мен дадамникига кетаяпман. Роса соғиндим. Улар ҳам соғинишибди. Телефонда гаплашдик, кўргилари келибди, — деб жилмайди Зубайда.
— Бу муаммони ҳал қиламиз. Қачонгача бир-бирларингизни соғинтириб юрасизлар? Дадангизни шу ерга ишга олиб келайлик, бўлди, кейин исталган пайтда ёнларига бориб келаверасиз.
Зубайда Саъдулладан бундай гапни кутмаганди. Бирдан кўзлари чарақлади. Ўрнидан турди. Саъдулла гўё севикли ёридай эди…
… Йигирма беш дақиқадан сўнг:
— Билмадим, — деди у тўзиган сочларини тартибга соларкан, — рози бўлармиканлар?
— Рози қиламиз.
Саъдулла кўп ичкилик ичарди. Чекарди. Кейин деярли пиёда юрмасди. Кўпинча еган заҳоти ухларди. Бунинг натижасида танаси жуда ожизлашиб қолганди. Озгина ҳаракатдан ҳансираб қоларди. Ҳозир ҳам худди шундай аҳволга тушди.
— Биргалашиб, — деди Зубайда.
Саъдулланинг офисида ҳамма шароит бор. Гўё катта уй у. Кириб бемалол чўмилиб чиқса бўлади. Ухласа бўлади. Яна ошхона ҳам бор. Ҳаммаси учун алоҳида-алоҳида хона ажратилган. Шу боис Зубайда ўша зарур хонада вужудини тўлиқ тозалаб чиқди. Сўнг сочини қуритди. Бўянди. Атиридан сепди. Унинг хушбўй ҳидини Саъдулла мақтади. Зубайда эса бу қимматбаҳо атирни Нодира исмли котибаси совға қилганлигини айтди.
— Мен сенинг кетишингни истамайман, — деди Саъдулла.
— Аммо бормасам бўлмайди. Кўпга кетмаяпман-ку, тез қайтаман. Гулчечакка мендан салом айтиб қўйинг.
Шундай деб Зубайда хайрлашди.
У: «Зўр бўлди, бопладим. Дадамни катта ишга жойлаштиргизаман. Жуда омадим келди», деб ўйларди. Ваҳоланки, ботқоққа ботаётганди. Ҳаммаёғи, айниқса, қалби кирлашиб қолганди. Шу бир соатга яқин учрашув Нодирага қилган яхшиликларининг ҳаммасини ювиб юборганди. Ўшанда олган савобнинг ҳаммасидан айрилиб, оғир гуноҳга ботиб чиқаётганди у. Айни пайтда Саъдулла ҳам шундай аҳволда эди. «Шундай жозибали, ширин қиз менинг насибам бўлди. Агар уни янаям яқинимга олиб келиб олсам, Гулчечакнинг кераги ҳам бўлмай қолади», деб ўйларди. Ваҳоланки, у ҳам келажагига қайта-қайта болта ураётган эди…
(Асардан парча тугади. Унинг тўлиқ вариантини онлайн китоб ҳолида сотиб олиб ўқишингиз мумкин)
‼️ Диққат! Диққат!
🟢 Муҳтарам мухлислар!
❇️ Севимли ёзувчингиз Нуриддин Исмоиловнинг “Жиноятнинг йирик вакиллари” китоби онлайн сотилмоқда!
🌍 Ушбу китобнинг онлайн версиясини сотиб олиш жуда осон: уйингиздан чиқмасдан, 5614681819585302 пластик картасига пул ўтказасиз ва тўлов квитанциясини суратга олиб, +998909381539 рақамига телеграм орқали юборасиз. Шундан сўнг сизга махсус пароль берилади. Сиз https://hordiq.uz/2024/11/26/nuriddin-ismoilov-asari-jinoyatning-yirik-vakillari-elektron-kitob/ ҳаволасига кириб, ўша паролни терсангиз, бўлди, телефонингизда ҳақиқий мутолаа завқини берувчи электрон китоб чиқиб келади. Телефонингизда уни бемалол варақлаб ўқийверасиз.
🔰 Онлайн китоб нархи: 35 000 сўм.