Россия Асадни қутқарадими?

Россия Асадни қутқарадими?

Америка урушни ўрганиш институти (ISW) Россиянинг Башар ал-Ассадга ёрдам юбориш ваъдасига шубҳа билан қаради.

Россия Башар ал-Ассад режимига қўшимча қурол жўнатишга ваъда берди. ISW Россия Федерацияси Сурия армиясига каттароқ ҳарбий ёрдам бера олишига шубҳа қилмоқда.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков 29 ноябрь куни Сурия мухолифат кучларининг ҳужуми «Сурия суверенитетига тажовуз» эканлигини ва Россия Сурия ҳукумати томонидан мамлакатда «конституциявий тузум» тикланиши тарафдори эканини айтди.

Кеча, 30 ноябрь куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан билан телефон орқали мулоқот қилди.

Вазирлар Россия, Туркия ва Эрон 2016 йил декабрида бошлаган Сурия тинчлик жараёни доирасида вазиятни барқарорлаштиришни мувофиқлаштиришга келишиб олди.

ISW таҳлилчилари Украинадаги уруш шароитида Россия Сурияга кўпроқ ёрдам бера олишига шубҳа қилмоқда.

«Кремлнинг устувор амалиёт театри бўлган Украинадаги операцияларни давом эттириш бўйича Россияга қўйилаётган юқори суръат ва оператив талабларни ҳисобга олган ҳолда, Кремль Сурия президенти Башар ал-Ассад режимини қўллаб-қувватлаш учун қўшимча ресурсларни йўналтира оладими ёки йўқми, ҳозирча номаълумлигича қолмоқда», дейилади хабарда.

ИСW эслатишича, 2022 йилда Россия Украинада фойдаланиш учун С-300 зенит-ракета комплексларини Суриядан олиб чиққан.

Дўстларингизга ҳам юборинг: