Сурия мухолифат кучлари Дамашққача кириб бордими?

Сурия пойтахтида ҳукумат ва мухолифат ўртасида жанглар бошланди.
Суриядаги мухолифат кучлари мамлакат шимоли ва марказини эгаллаб олмоқда. Жанубдаги 15 та шаҳарда мухолифат байроғини кўтарди. Биринчи жанглар пойтахтда бошланган кўринади.
Бугун тушда Дамашқдаги давлат телевидениеси биносидан оқ тутун кўтарилди. Яқин атрофдаги Мудофаа вазирлиги биноси ёнида портлашлар эшитилди. Бундан ташқари, шаҳар шимолидаги Башар Асад президентлик саройи ҳудудида отишма овозлари эшитилган. Ижтимоий тармоқларда аҳоли томонидан қўл телефонида тасвирга олинган видеолар тарқалмоқда.
Россиянинг Дамашқдаги элчихонаси Суриядаги “оғир ҳарбий ва сиёсий вазият туфайли” ўз фуқароларини “зудлик билан мамлакатни тарк этишга” чақирди.
Аввалроқ, бир неча соат ичида Башар Асад режими Суриянинг марказий Ҳама шаҳри ва минтақадаги ўнга яқин аҳоли пункти устидан назоратни қўлдан чиқарган эди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, армия 800 минг аҳолига эга Ҳомс шаҳрини бой берган.