Сурияда минглаб одамларни ўлимга ҳукм қилган судя ҳибсга олинди

Суриянинг янги ҳукумати собиқ ҳарбий судя Муҳаммад Канжо Ҳасанни ҳибсга олди, у президент Башар Асад тузуми остидаги машҳур Седная қамоқхонасидаги маҳбусларга ўлим ҳукмини чиқарган, дея хабар беради Сурия инсон ҳуқуқларини кузатиш ташкилоти (SOHR) 26 декабр, пайшанба куни.
Муҳаммад Канжо Ҳасан ўз атрофидаги 20 киши билан бирга Асад кланининг таянч нуқтаси ҳисобланган Тартус вилоятида қўлга олинган. SOHR маълумотларига кўра, Канжо Ҳасан Седная қамоқхонаси маҳбусларига минглаб ҳукмларни, жумладан ўлим жазосини ҳам чиқарган.
Седная қамоқхонасидаги маҳбуслар ва бедарак йўқолганлар уюшмаси (ADMSP) ҳаммуассиси Диаб Серриянинг айтишича, Муҳаммад Канжо Ҳасан 2011 йилдан 2014 йилгача, Суриядаги фуқаролар урушининг дастлабки уч йилида Сурия ҳарбий дала судини бошқарган. Кейинчалик у бутун Сурия бўйича ҳарбий адлия бошлиғи лавозимига кўтарилди. Серриянинг таъкидлашича, Канжо Ҳассан «минглаб одамларни» ўлимга ҳукм қилган, кўпинча «судлар бир неча дақиқа давом этган».