Россия Киев ва вилоятларга ҳужум қилди
18-январга ўтар кечаси Россия ҳарбийлари Киев ва Украинанинг бошқа ҳудудларига баллистик ракеталар ва учувчисиз самолётлар ёрдамида ҳужум қилди, деди пойтахт мери Виталий Кличко.
Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги маълумотларига кўра, ҳужумга 39 та “Шаҳед” типидаги ҳужумчи учувчисиз самолётлар, симуляторли учувчисиз самолётлар ва тўртта “Искандер-М/КН-23” баллистик ракеталари киритилган. Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 24 та дрон ва иккита ракетани уриб туширди. Қолган дронлар оқибатларсиз «маҳаллий равишда йўқолган».
Ҳужум 11 вилоят, жумладан Полтава, Суми, Харков, Черкассй, Чернигов, Киев, Хмелнитский, Житомир, Кировоград, Днепропетровск, Херсон ва Донецкга таъсир кўрсатди.
Киевда зарба натижасида Шевченковский туманидаги иккита турар-жой биноси ва нотурар жой биноси шикастланган, бинолардан бири ёниб кетган. Йўловчилар учун ёпилган “Лукяновская” метро бекати ва магистрал сув қувури ҳам шикастланган, кўчаларни сув босган. Бунинг оқибатлари акс этган видеолавҳалар маҳаллий аҳоли томонидан эълон қилинган.
Киев шаҳар ҳарбий бошқармаси бошлиғи Тимур Ткаченкога кўра, уч киши ҳалок бўлган, яна уч киши яраланган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир. Деснянский ва Голосеевский туманларига урилган снарядларнинг қолдиқлари тушди, бу ҳам вайронагарчиликка олиб келди.
Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати маъмурий бино, бизнес маркази ва дўкон вайрон бўлганини, 10 та машинага зарар етганини маълум қилди. Қутқарув ишлари давом этмоқда ва расмийлар аҳолини ҳаво ҳужуми огоҳлантириши бекор қилинмагунча бошпаналарда қолишга чақирмоқда.