Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (46-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (46-қисм)

Фазлиддин эса самолётда устози Бодров ҳамда Акбар билан бирга Москвага учди. У ерда умумий жамоага қўшилишди. Бир кун Москвада қолишди. Шаҳар айланишди. Фазлиддин гарчи мамлакат пойтахтига биринчи марта бориши бўлса-да, гўё Тошкентда юргандай юрди. Чунки Москвани телевизорда жуда кўп кўрсатишади.

Кейин Бодров шу ерда қолди. Тўғрироғи, уни қолдиришди. Унинг ўрнига Грузиядан келган мураббий Лондонга борадиган бўлди. Қизиқ томони, Грузиядан бирорта ҳам курашчи йўқ эди. Бодровга алам қилди, сўкинди ва шу заҳоти Тошкентга чипта олди. Аммо учиб кетмади. Чиптаси икки кун кейинга экан. Меҳмонхонага бориб шунақанги «тортди»ки, оёғида туролмайдиган, бирор сўзни айтолмайдиган ҳолга келди…

Лондонда Фазлиддин мутлақо бошқа дунёга тушиб қолгандай ҳис қилди ўзини. Иморатлар, кўчалар тугул, одамлар ҳам бошқа. У анграйди. Бироқ дарров ўзини қўлга олди. Сабаби: «Лаллайманглар, ҳайрон қолманглар, капиталистларнинг олдида ўз обрўйингизни туширманглар. Аслини олганда, у нарсаларнинг бари сохта ялтир-юлтурдан иборат. Бизникилар зўр» каби гапларни роса қулоқларига қуйишганди.

Меҳмонхонаси ҳам бошқача экан. Москва катта шаҳар, Москвада сервис ривожланган… Бошқа республикадан келганлар шундай деб ўйлашади. Аммо у меҳмонхоналар Лондондагига қараганда писта пўчоқ… Меҳмонхоналарнинг хоналари умуман бир-бирига ўхшамайди. Деворнинг ранги қанақа бўлса, парда, ётоқ, гилам, қандил ва ҳаттоки ҳаммом ҳам шунга мутаносиб. Бунинг устига, каравотлари шунақанги юмшоқ эканки, Фазлиддин ўтиргандаёқ чўкиб кетгандай бўлди. Чўмилаётганида мусиқа янграб туриши эса унинг ҳайратини янада оширди. Яна биргина совуннинг саккиз хили бор экан. Оёқ учун алоҳида, танага алоҳида, қўлга, юзга алоҳида… Яна улар шунақа кўпирадики, бизда шампунлардан бунчалик кўпик чиқмайди…

Ошхона. Жамоанинг ҳаммаси бирдан борди. Шу ерда Фазлиддин «шведлар столи» деган атамани эшитди. Изоҳ сўрамади. Чунки ҳайратланмаслик керак. Ўзини худди бунақанги нарсаларни ҳар куни кўрадигандай, бунақанги нарсаларни ҳар куни ейдигандай тутди. Аммо мумкин қадар «ноёб егулик»лардан кўпроқ олишга ҳаракат қилди. Чунки ҳамма шунақа қилаётганди-да. Улар ҳатто чўнтакларига ул-бул нарсаларни солиб хоналарига олиб кетишди ҳам.

Фазлиддин Акбар билан битта хонада эди. Акбарнинг ҳам чет элга биринчи чиқиши экан. У гўштли овқатлардан кўпроқ олиб еди. Ўзи аслида ҳам табиатан кўп овқат ейдиган одам эди у. Сабаби жуссаси катта, шунга яраша ҳаракати ҳам кўп. Бундай одам унча-мунча овқат билан қаноатланмайди.

— Даҳшат экан-а! — деди у хоналарига қайтиб келганларидан кейин Фазлиддинга.

— Ҳа, лекин чўчқа гўштли овқат кўп экан. Зўрға қўй гўштлисини топдим, — дея жавоб берди Фазлиддин.

— Чўчқа гўшти?! — деди ҳайратдан кўзи олайган Акбар. — Чўчқа гўштлиси ҳам бормиди?

— Ҳа, ёзиб қўйибди.

— Мен инглиз тилини билмайман-да. Калла. Анави ўрисларга қўшилиб олаверибман, — дея пешонасига урди Акбар.

— Билмай ейилса кечирилади, ака. Лекин кейинги сафар эҳтиёт бўлинг. Меваларни, ширинликларни хоҳлаганча еяверинг. Аммо гўштли овқатларга…

— Шошма, — дея уни сўзлашдан тўхтатди Акбар, — кейинги сафар иккаламиз бирга танлаймиз.

— Хўп, келишдик, ака.

Биринчи куни уларга шаҳар айланишга рухсат беришмади. Украин болалар сўрашганди. «Бир келиб қолибмиз, сал у ёқ-бу ёққа бориб келайлик», дейишди улар. Аммо мураббийлар кўнишмади. «Ҳали айланишга вақт бўлади. Олдин мусобақа», дейишди улар.

СССР терма жамоаси учун алоҳида спорт зал ажратилган экан. Унчалик узоқда эмас, автобусда ўн дақиқада етиб олса бўларкан.

Бирдан шуғулланишга тушиб кетишмади. Аввалига тиббий кўрикдан ўтказишди. Вазнларини ўлчашди… Ташкилотчилар кетганларидан кейин эса машғулотлар бошланди.

Уч кун шундай бўлди. Машғулотларга жуда берилишмади. Сабаби кучни сақлаш керак эди. Енгил жисмоний ҳаракатлар бўлди. Услублар устида ишланди…

Фазлиддин биринчи куни норвегиялик курашчи билан бел олишди. Рақиб унга нисбатан узунроқ экан. Аммо уларнинг оғирлиги тенг эди. Фазлиддин қийналмади. Бўлимни охирига етказмасдан, уни таслим этди.

Кейинги кун эса даниялик унга рўбарў бўлди. У бундан олдин Испания вакилини очколар ҳисобига ютганди. Фазлиддин унинг курашганини жонли томоша қилганди. Ўрганганди. Шунга қарамасдан, анча қийналди. Рақиб чайир экан, бунинг устига, болалигидан шуғулланиб келган экан, осонликча ютқазишни истамади. Бироқ Фазлиддин барибир ундан кучли эди…

Учинчи куни унга дам беришди. Сабаби бошқа оғирликдагилардан майдон бўшамади. Шунингдек, Акбарнинг ҳам ошиғи олчи бўлаётганди. У кураш майдонига тушганида шерга айланарди. Рақибларининг устига худди ейдигандай, бўлакларга бўлиб ташлайдигандай ташланарди. Шунинг ўзиёқ қаршисидаги курашчини довдиратиб қўярди… Аммо жамоада иккинчи босқичдан кейин учта вазн тоифасида йўқотиш бўлди. Бир украин кутилмаганда ютқазиб қўйди. Ваҳоланки, у энг тажрибалилардан бири эди. Уни франциялик енгди. Яна бир молдован рақибига имкониятни бой бериб қўйди. Учинчиси эса арман эди…

Меҳмонхонага келганларидан кейин ўша учта спортчи мураббийлардан обдан гап эшитишди. Кейинроқ маълум бўлишича, уларнинг ҳар учови СССР кубогида фақатгина учинчи ўринни олишган экан. Энди савол туғилади, чемпион бўлганлар қаерда қолишди?..

— Тилла меники, — деди Акбар хонага кирганларида, — ҳамма рақибларимни кўрдим. Орасида битта зўри бор. Югослав. Агар ўшани бир ёқли қилсам, у ёғи ўйинчоқ. Битта қўлимда ерга ағдараман.

Фазлиддиннинг унга ҳаваси келди. Ҳақиқатан ҳам роса кучи кўп одам у. Яна обдан шуғулланган. Айтганидай бўлади. Бироқ Акбар ҳали кўп нарсани билмасди. У каби ютиб келаётганлар ҳали кучларини тўла-тўкис кўрсатмаётганидан бехабар эди.

Фазлиддин Германия вакилига рўбарў бўлди. У немисларни ёмон кўради. Бунга тарих дарсликлари сабаб. Немисда, албатта, фашист қони бор. Куни келиб у барибир фашистлигини қилади, дея ўйларди. Шу боисдан унга қарши бошқача иштиёқ билан матга чиқди.

Рақиби уни менсимаётгандай иржайди. Хатто Брюс Лига ўхшаб бурнини силаб қўйди. Келавер, дея бармоқларини қайириб, Фазлиддинни чорлади… Энг аввал у Фазлиддиннинг оёқларини ушлаб олиш учун ташланди. Лекин қўли етмади. Сабаби рақиб қочиб қолди. Боз устига, айланиб ўтиб унинг устига чиқиб олди ва уч очкони қўлга киритди.

Фазлиддин уни матдан узиб олишга кўп уринди. Бироқ у ёпишганча тураверди… Бироқ, барибир, кураш немисларга ёт нарса экан. Ҳакам иккаласини турғазиб, бошқатдан курашга даъват қилганида, Фазлиддин рақибининг бир қўли-ю бўйнини биргаликда ушлашнинг имконини қилди ва бирдан ўзининг устидан ошириб ташлади. Немис бир марта «ҳиқ» этди-ю, қотди…

Уни энг аввал Акбар табриклади. Чунки мураббийлар қутлашмади. Фазлиддиннинг қўли кўтарилиши билан навбатдаги «жангчи»ни олиб келиш учун ечиниш хонасига кетишди.

Акбар унинг белидан қучди, ҳавога кўтарди.

— Бопладинг, укам! Бопладинг! — дея ҳайқирди.

Тақвим бўйича у яна икки кун дам оладиган бўлди. Жамоада яна иккита йўқотиш бўлди. Бу сафар доғистонлик йигит Финландия вакилига имкониятни бой бериб қўйган бўлса, Ингушетиядан келган бола Исландия курашчисининг олдида ожиз қолди.

Ана ундан кейин мураббийларнинг ғазабини бир кўрсангиз эди… Уларнинг айтмаган гаплари қолмади ҳисоб. Қизиқ томони, мана, бешта курашчи сафдан чиқди, бироқ Бодровнинг ўрнига келган гурзиялик мураббий худди оғзига толқон солиб олгандай жим эди. Яна бир қизиқ томони, у куни билан деярли меҳмонхонада бўлмасди. Ҳатто мусобақалар ўтказилаётган пайти ҳам бир жойларга кетиб қоларди… Унинг қаерга, нега кетиб қолаётганини ҳеч ким билмайди. Умуман, биров эътибор ҳам бермайди. Яна битта қизиқ томони, унинг мураббийлигини бошқа мураббийлар фақат мусобақага кетишларидан олдин Москвада билишди. Агар зўр бўлганида, кўзга кўринган бўлганида, улар аввал, албатта, учрашган бўлишлари керак эди… Бироқ мураббийларнинг, спорт директорларининг унга нисбатан қизиқишлари бор эди. Шунга қарамасдан, унинг кимлигини била олишмасди. Тахминлари бор эди. Ўша тахминларини тилларига кўчира олишмасди. КГБнинг одами. Аслида ҳам, шундай эди. Жугашвилли фамилияли грузин мусобақага келганларнинг ҳаммасини обдан кузатарди. Кейин кузатувлари натижаларини Лондондаги СССР элчихонасида ишловчи ҳамкасбига етказарди. Қайтишида пивохўрлик қиларди…

Меҳмонхонада тўрт спортчи қолди. Шу куни уларнинг жанги йўқ эди. Уларнинг орасида Фазлиддин ҳам бор эди. У хонасида ухлаётганди. Чунки ўзини жуда чарчаган сезди. «Агар бугун ухлаб олмасам, эртага ютқазиб қўяман», деди у ўзига ўзи ва Акбар хонадан чиқиб кетиши билан дарров ётди-да, кўзларини юмди. Тахминан бир соатча ухлаганди. Эшиги тақиллаб қолди. Фазлиддиннинг ёстиқдан бошини кўтаргиси йўқ эди, шу боис уйқусини давом эттирмоқчи бўлди. Бироқ эшик тақиллашда давом этди. У ўрнидан туришга мажбур бўлди. Бориб эшикни очса, чечен йигити турибди. Исми Могомед. У Фазлиддиндан бир вазн юқорида курашяпти. Ҳаммани қаторасига ағдариб келяпти. Унинг ҳам бугун дам олиш куни.

— Юр, кўчага чиқиб айланиб келамиз, — деди у.

— Рухсат йўқ-ку, қанақа қилиб борамиз? — деди унга жавобан Фазлиддин.

— Ҳамма кетди. Анави ютқазганларниям қўлларига байроқ бериб қўйишди. Ютқаздингми, ура, деб қўллаб турасизлар, дейишди уларга.

— Иложи йўқ, боролмайман.

— Нимага?

— Айтдим сенга, рухсат йўқ. Ундан кейин бугун ухлаб олмоқчиман.

— Агар тил билганимда, сенга айтиб ўтирмасдим.

— Бориб нима қиласан? Киссангда пулинг бўлмаса.

— Нега бўлмас экан? Бор.

— Фунт стерлингми?

— Доллар ҳам бор.

— Қаердан олдинг?

— Нима ишинг бор? Юр эзмаланмай.

— Бошқаларга айт.

— Татар билан арманга айтгим келмаяпти. Кейин улар ҳам инглиз тилини билишмайди. Анави арман бўлса, ўрисчаниям билмайди. Дуб. Гапни кўпайтирма, дарров борамиз-у, қайтамиз. Унча узоқмас. Шундай дўконга кирамиз. Мен бир-иккита нарса сотиб оламан. Кейин қайтиб келамиз. Сенга мендан бир қути шоколад совға.

Шоколаднинг номини эшитиши билан Фазлиддиннинг хаёлига Малоҳат келди. Унга олиб келаман деб ваъда берганди. Бироқ бу ерда ССРИнинг пули ўтмас экан. Демак, ололмайди.

— Келишдик. Фақат мен ўзим танлаганни олиб берасан.

— Чечен битта гапиради.

Улар мураббий ниқоби остида юрган КГБ ходими мусобақага бормаганини, у қолганларга кўз-қулоқ бўлиб турганини билишмасди. Жугашвиллига битта ишкал керак. У кимнидир айб устида қўлга тушириши керак. Ана шунда обрўси ошади. Мансаби ошади. Айбдор эса қамалади…

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: