Исроил Сурияни қўзғатмоқдами?

Исроил Сурияни қўзғатмоқдами?

Исроил ҳарбийлари Суриянинг янги ҳукумати ҳарбий автомобилига авиазарба берди. Ҳужум Эл-Кунайтра вилоятида, яшаш ҳудудлари яқинида амалга оширилган бўлиб, тинч аҳолида ваҳима уйғотди.

Маҳаллий манбаларга кўра, Исроил дронлари жануби-ғарбий Суриядаги Сувейса қишлоғида ҳарбий транспорт воситасига ракета отган. Ҳужумдан сўнг минтақа осмонида Исроил ҳарбий авиацияси фаоллиги кузатилган.

Маҳаллий аҳоли вакили, Шади Зайд Анадолу агентлигига берган интервьюсида ҳодиса вақтида уйининг ҳовлисида бўлганини айтди:

«Мен бир неча кучли портлаш овозини эшитдим. Воқеа жойига етиб борганимда ракеталар ҳарбий автомобиль яқинига тушганини кўрдим. Биз халқаро ҳамжамиятни бу каби ҳужумларни зудлик билан тўхтатишга чақирамиз, чунки бу ерда мактаблар ва яшаш уйлар бор», – деди у.

2024 йил 8 декабрда Асад режими қулаганидан сўнг, Исроил армияси Сурияга ҳужумларини кучайтириб, собиқ ҳукуматнинг инфратузилмасини йўқ қилиш ва Голон тепаликлари бўйлаб босиб олинган ҳудудни кенгайтириш ҳаракатларини бошлаб юборди.

Исроил ҳарбийлари буфер зонаси ичкарисига кириб, Дамашқ шаҳрига 20 км масофагача яқинлашган.

Голон тепаликлари 1967 йилдан бери Исроил оккупацияси остида қолмоқда. 1974 йилда томонлар ўзаро келишув имзолаган бўлиб, унда ҳарбий кучларнинг ажратилиши ва буфер зонаси чегаралари белгиланган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: