Туркия цунами хавфига тайёргарлик кўрмоқда

Туркия цунами хавфига тайёргарлик кўрмоқда

Туркиянинг Фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бошқармаси Эгей денгизи ҳудудидаги зилзилалар оқибатида мамлакатга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган цунами ва вулқон отилиши хавфи борлигини маълум қилди.

 

Сўнгги кунларда Санторини ва Аморгос ороллари атрофида сейсмик фаоллик давом этмоқда. Энг кучли силкиниш 5,2 магнитудали бўлиб, чоршанба куни содир бўлди. 26 январдан буён бу ҳудудда 6400 дан ортиқ зилзила қайд этилган, улардан 800 дан ортиғи 2,5 магнитудадан юқори бўлган.

 

Фавқулодда вазиятлар юзага келиши эҳтимолига қарши СМС орқали хабардор қилиш тизими ишга туширилган, шунингдек, Анқара, Анталя, Бурса, Диярбакир, Сивас ва Самсундан қўшимча ходимлар ҳамда техника Измир, Айдин ва Муғла губернаторликларига сафарбар этилди.

 

Греция бош вазири Кириакос Митсотакис сўнгги кунлардаги зилзилалар жиддий ҳодиса эканини тан олди, аммо ороллардаги аҳолига хотиржамликни сақлашни тавсия қилди.

 

Эгей денгизидаги энг даҳшатли зилзилалардан бири 1956 йил 9 июлда Санторини оролида содир бўлган. 7,5 магнитудали зилзила ва 25 метрлик цунами натижасида 53 киши ҳалок бўлиб, 100 дан ортиқ киши жароҳат олган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: