“Ҳаж–2025” зиёрати учун Ўзбекистонга 15 мингта квота ажратилди

“Ҳаж–2025” зиёрати учун Ўзбекистонга Саудия Арабистони томонидан 15 мингта квота ажратилди. Бу ҳақда кеча, 18 феврал куни Саудия Арабистонининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Ҳаж ва Умра зиёрати вазирлиги ҳамда Ахборотлаштириш вазирлиги раҳбарияти иштирокида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
“Жорий йилда Ўзбекистонга Ҳаж зиёрати учун ажратилган квота миқдори 15 мингтани ташкил қилади. Аммо Умра учун квоталар эркин бўлиб, маълум шартлар асосида исталган миқдордаги зиёратчи Ўзбекистондан бориши мумкин”, деган Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳаж ва умра вазири доктор Тавфиқ бин Фавзон Ар-Рабиъа.
Бир неча йил олдин ҳам айни шу вазирлик раҳбари Ўзбекистон президенти билан учрашувда мамлакатга ажратилган квота миқдори 24 минг эканини айтганди.
“Биз ушбу миқдорни белгилашдан олдин Ўзбекистон томонининг мутасадди ташкилотлари билан бу борада гаплашамиз. Сўнгги келишувга биноан эса айнан шунча квота белгиланган”, деган Саудия Арабистони ҳаж ва умра вазири.
Аммо 36 миллионлик аҳолига эга Ўзбекистон учун бу миқдор кам. Ахир 7,5 миллион аҳолиси бор қўшни Қирғизистонга 6060 та квота ажратилган.