Британия Украинага ваъда берди

Британия Украинага қўшин ва самолётлар юборишни ваъда қилмоқда.
Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ўз мамлакатининг Украина ҳудудига ҳарбий кучлар юборишни қўллаб-қувватлашини, шунингдек, ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш учун самолётлар жўнатишга тайёрлигини маълум қилди.
«Зарурат туғилганда, Британия бошқа давлатлар билан биргаликда қуруқликдаги қўшинлар ва самолётларни юборишда етакчи роль ўйнайди…» – деди Стармер Британия парламенти Жамоалар палатасидаги нутқида.
Британия ҳукумати раҳбари ҳарбий кучларни юборишга тайёрлик билдириш билан бир қаторда, тинчлик ўрнатилгандан сўнг ҳам Европа Украинани қуроллантиришда давом этишини ваъда қилди.
Шу билан бирга, Стармернинг таъкидлашича, ушбу вазифа муваффақиятли бўлиши учун АҚШнинг кучли қўллаб-қувватлаши зарур.
Россиянинг музлатилган активларидан Украинани қуроллантириш ва тиклаш учун фойдаланиш масаласига тўхталиб, бош вазир бу масалани «жуда мураккаб» деб баҳолади, бироқ Лондон қонуний механизмни излаш устида ишлашни давом эттиришини таъкидлади.
«Музлатилган активлар масаласига келсак, бу жуда мураккаб ва тўғридан-тўғри ҳал қилиб бўлмайдиган масала. Биз қўшимча иш олиб боришимиз керак ва мен бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликда буни амалга ошириб, бошқа имкониятларни кўриб чиқяпман. Бу осон иш эмаслигини тан олишим керак,» – деди Стармер.