Илон Маск қандай қилиб барчасини доғда қолдирди

Илон Маск қандай қилиб барчасини доғда қолдирди

Илон Маскнинг АҚШ ҳукумати фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича идораси (DOGE) ходимлари харажатларни қисқартириш билан шуғулланувчи федерал органларда олти хонали йиллик маош олмоқда, дея Wired журнали манбаларга асосланиб хабар бермоқда.

 

Жумладан, илгари АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)ни тугатиш билан шуғулланган DOGE мутахассисларидан бири АҚШ Умумий хизматлар бошқармасида харажатларни камайтириш ва ходимларни қисқартириш устида ишлаб, йилига 167 минг доллар олади. Яна бир дастурчи-муҳандис Киберхавфсизлик ва инфратузилмани ҳимоя қилиш агентлигида DOGE учун ишлайди ва АҚШ Умумий хизматлар бошқармасидан йилига 195,2 минг доллар маош олади – бу федерал хизматчи давлат хизматчиларининг умумий иш ҳақи жадвали бўйича олиши мумкин бўлган энг юқори суммадир. DOGE томонидан АҚШ Умумий хизматлар бошқармасига янги ходимларни ёллашга масъул бўлган 28 ёшли тадбиркор эса бу ерда йилига 120,5 минг доллар даромад қилмоқда.

 

Журналнинг кўрсатишича, Маск DOGE учун келажакдаги ходимларни йиғишни бошлаганида, уларнинг ишини деярли «ҳеч қандай тўловсиз» ва зерикарли деб тасвирлаган. DOGE фаолиятининг шаффофлиги ҳақидаги даъволарга қарамай, ташкилот ўз харажатлари ва иш ҳақи миқдорлари тўғрисидаги ҳисоботни ҳали эълон қилмаган.

 

Бундан ташқари, Wired таъкидлашича, кўплаб DOGE ходимлари «махсус давлат хизматчилари» сифатида ишга олинган бўлиб, уларнинг иш муддати 130 кун билан чекланган. Улар ўз даромадлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилмаслик ва хусусий ташкилотлардан маош олиш ҳуқуқига эга.

Дўстларингизга ҳам юборинг: