Иккиланмай зарба берамиз: АҚШ Россияга очиқ таҳдид қилди!

АҚШ молия вазири Скотт Бессент мамлакат президенти Доналд Трамп маъмурияти Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича музокараларнинг муваффақияти учун зарур бўлса, Россияга нисбатан энг қаттиқ санкцияларни ҳеч иккиланмасдан жорий этишини маълум қилди.
«Агар бирдан ўнгача бўлган шкалада баҳоланса, [АҚШнинг собиқ президенти Жо] Байден маъмуриятидаги [Россияга қарши] санкцияларни, эҳтимол, «уч» баҳо билан баҳолаш мумкин эди. Унинг [Байден маъмуриятининг] ваколати тугашига яқин қолганида, улар санкцияларни «олти» баҳогача кучайтирди. Айтишим мумкинки, биз ҳеч иккиланмай уларни «ўн» баҳогача кучайтирамиз,» – деди у CNBC телеканалига берган интервьюсида. – Буларнинг барчаси Трампнинг муваффақиятли музокаралар режасининг бир қисми. У ҳар икки томонга максимал даражада босим ўтказишни хоҳлайди.»
Бессентнинг фикрича, Байден ва унинг маъмурияти АҚШда энергия ресурслари нархининг кўтарилишидан хавотирланиб, Россияга қарши энг қатъий чекловларни жорий этмаган.
Илгари, Жанубий Каролинадан республикачи сенатор Линдси Грем шундай деган эди: агар Москва тинчлик таклифини қабул қилмаса, уни «санкциялар жаҳаннамига» дучор бўлиш кутмоқда.