Рубль йилнинг энг яхши валютасига айланди

Рубль йилнинг энг яхши валютасига айланди

Россия рубли бу йил долларга нисбатан энг кучли ўсишни қайд этиб, нафақат бошқа валюталарни, балки олтинни ҳам ортда қолдирди, деб хабар бермоқда Bloomberg.

Йил бошидан бери ташқи бозорда рубль курси Трамп томонидан бошлаб юборилган тариф уруши, ички омиллар ва Украина бўйича тинчлик келишувига умид туфайли АҚШ доллари қийматининг пасайиши натижасида 38 фоизга мустаҳкамланди.

Рубль халқаро инвесторлар учун 23 фоизга қимматлашган олтин каби хавфсиз жой бўлиб хизмат қилмади. Аксинча, улар рубль ва у билан боғлиқ активларни, жумладан Россияга «дўст» давлатлар орқали фаолроқ савдолашни бошладилар, дейди Дубайдаги Istar Capital компаниясининг таҳлил ва портфелни бошқариш бўйича директори Искандер Лутско.

Райффайзенбанк таҳлилчилари таъкидлашича, март ойида санкциялар ва нефть нархининг пасайишига қарамай, экспорт ҳажми ошди, импорт эса кўпайган бўлса-да, барибир паст даражада қолмоқда. Тўлов баланси яхшиланмоқда, валюта оқимини кучайтирмоқда, унинг сотилиши рублни қўллаб-қувватламоқда: Марказий банк маълумотларига кўра, март ойида жорий операциялар ҳисоби профитсити 10,7 миллиард долларгача ўсди, савдо баланси эса 15 миллиард долларга етди (февраль ойида мос равишда 6,7 миллиард ва 11 миллиард доллар эди).

Шу билан бирга, кучли рубль нефть экспортидан олинадиган бюджет даромадларига путур етказмоқда: бир хил доллар миқдоридаги нефть сотувидан камроқ рубль олиш мумкин бўлмоқда. Бундан ташқари, апрель ойида нефть нархларининг кескин тушиши натижасида доллар миқдорлари сезиларли даражада қисқарди. Бюджетда жорий йил учун рублнинг ўртача курси 96,5 рубль/$ даражасида белгиланган, бу ҳозирги курсдан 14 фоиз пастдир.

SberCIB таҳлилчилари Трампнинг божхона тўловлари туфайли жаҳон иқтисодиётининг секинлашиш хавфи ошганлиги хомашё нархларининг янада пасайишига олиб келишини, бу эса ўрта муддатли истиқболда рублга салбий таъсир кўрсатишини тахмин қилмоқда. «Т-инвестиция» бош иқтисодчиси Софя Донетс шундай ёзади: «Нефть нархи баррель учун 55 доллар бўлганда, рубль долларга нисбатан 108 гача қадрсизланиши мумкин (бу узоқ муддатли тенденциялар ва хомашё нархлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликка асосланган баҳомиз)».

Bloomberg билан суҳбатда Донетс қўшимча қилишича, Россия изоляцияда бўлгани сабабли, савдо уруши хавфи ва инвесторларнинг хатарли активлардан чиқиб кетиши туфайли қадрсизланган ривожланаётган бозорларнинг кўплаб валюталари сингари капитал чиқиб кетишидан зарар кўрмаган. У шундай деди: «Капитал ҳаракатини назорат қилиш Россияни бундан сезиларли даражада ҳимоя қилди», шунингдек, қарз олишнинг юқори қиймати ҳам валютани қўллаб-қувватламоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: