Покистонлик имом поездда Қуръон ўқигани учун калтакланди

Ҳиндистоннинг Гужарат штатидаги поездда Қуръон тиловат қилаётган масжид имоми “покистонлик” деб айбланиб, уч киши – икки эркак ва бир аёл томонидан шафқатсизларча калтакланаётгани акс этган видеолавҳа Karar haber нашрининг тармоқдаги расмий саҳифаларида эълон қилинди.
Маълум бўлишича, оқсоқол имом Ражастаннинг Гангапур шаҳридаги мадраса директори ҳисобланади. У бу вақтда ўзи раҳбарлик қилаётган муассаса учун хайрия йиғиш мақсадида Анклешвар шаҳрига кетаётган бўлган.
Жабрланувчининг оиласи берган маълумотга кўра, имом поездга чиққан заҳоти бир гуруҳ одам унинг атрофида тўпланиб, мусулмонларга қарши ҳақоратомуз сўзлар айта бошлаган.
Ҳолат аёл йўловчилардан бирининг уни “покистонлик” деб аташи билан янада кескинлашган. Поезд кузатувчиси имомни эшик яқинига чақирганида, икки эркак ва бир аёл уни юзма-юз уриб, тан жароҳати етказган.
Ҳиндистонда мусулмонларга нисбатан нафратга асосланган жиноятлар сонининг ошиб бораётгани халқаро ҳамжамиятни ҳам чуқур хавотирга солмоқда. Шунга қарамай, ушбу ҳодиса юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳали ҳеч қандай чоралар кўрилмаган.