Ҳиндистон Покистонга сув беришни қисман тўхтатди
Ҳинд оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Нью-Деҳли Чинаб дарёсидаги Баглиҳар тўғонидан сув узатишни тўхтатди ва Желам дарёсидаги Кишанганга тўғонида ҳам шундай чораларни кўришни режалаштирмоқда.
Аввалроқ Ҳиндистон 1960 йилдан бери амал қилиб келган ва Покистонга сув етказиб беришни кафолатлаган “Ҳинд дарёси сувларидан биргаликда фойдаланиш бўйича келишув”дан чиққан эди.
Покистон томони эса, Ҳинд дарёсидан сув етказиб беришни тўхтатишга уринишни “уруш ҳаракати” сифатида баҳолашини билдирган. Бошқа муқобил сув манбалари мавжуд бўлишига қарамай, Ҳинд дарёсидан келадиган сув Покистон учун ниҳоятда муҳим ҳисобланади.
Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, Ҳинд дарёси мамлакат эҳтиёжларининг қарийб 75 фоизини қоплайди.
Эслатиб ўтамиз, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар Кашмирда сайёҳларга ҳужум қилиниши ва бунинг оқибатида 26 нафар одам ҳалок бўлганидан кейин ёмонлашган эди. Нью-Деҳли ушбу ҳужумда Покистонни айбламоқда, Исломобод эса бу айбловни рад этмоқда.
