АҚШ армиясида юқори мартабали офицерлар сони кескин камайтирилади

АҚШ Мудофаа вазирлиги Қуролли кучлардаги юқори ҳарбий лавозимларни қисқартиришга қарор қилди. Пентагон тарқатган расмий меморандумга кўра, ҳар 5 та тўрт юлдузли генерал ва адмиралнинг бири ишдан олинади. Бу эса уларнинг умумий сонининг 20 фоизга қисқаришини англатади.
Мудофаа вазири Пит Ҳегсет имзолаган ҳужжатда айтилишича, ушбу чоралар ҳарбий тузилмадаги ортиқча бўлинмаларни оптималлаштириш, самарадорликни ошириш ва инновацияларни рағбатлантириш мақсадида амалга оширилмоқда.
Режалаштирилган ислоҳотлар доирасида:
Армия ва флотдаги офицерлар сони 10 фоизга камайтирилади;
Миллий гвардияда эса генерал даражасидаги раҳбарлар 20 фоизга қисқартирилади.
Март ойидаги статистикага кўра, АҚШда 38 нафар тўрт юлдузли генерал мавжуд бўлиб, улар армиядаги энг юқори ҳарбий унвонга эга. Умуман олганда, АҚШ Қуролли Кучларида ҳозирда 817 нафар генерал ва адмирал хизмат қилмоқда.