БААда барча таълим муассасаларида сунъий интеллект бўйича таълим жорий этилади

Бирлашган Араб Амирликларида янги ўқув йилидан бошлаб давлатга қарашли барча таълим муассасаларида — боғчалар, мактаблар ва олий ўқув юртларида — сунъий интеллект дарслари ўтилади. Бу ҳақда БАА Бош вазири Шайх Муҳаммад бин Рошид Arab News’га берган баёнотида маълум қилди.
“Бизнинг мақсадимиз — болаларни сунъий интеллектни чуқур тушунишга ва уни тўғри, этик тарзда қўллашга ўргатиш. Болаларни биз ўсган даврдан бутунлай фарқ қилувчи келажак ҳаётига тайёрлаш бизнинг бурчимиз”, деган бош вазир.
Шунингдек, сунъий интеллектни алоҳида фан сифатида ўқув дастурига киритиш қарори мамлакат вазирлар маҳкамаси томонидан тасдиқланди. Ўқувчи ва талабалар қуйидаги етти асосий йўналишда SI’ни ўрганади:
1. Сунъий интеллектнинг асосий тушунчалари;
2. Маълумотлар ва алгоритмлар;
3. Дастурий таъминот;
4. Этика ва масъулиятли фойдаланиш;
5. Амалий қўлланилиши;
6. Инновация ва дизайн;
7. Сиёсат ва жамият билан ўзаро алоқалар.