Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (57-қисм)
«Йўқ, — деди сўнгра ўзига ўзи. — Фазлиддин унақа болалардан эмас. Отасини биламан, ўзи қанча вақт қўлимда ўқиди. Мана, неча вақтдан бери уйга келиб-кетиб юрибди. Машҳур бўлди. Балки, кўп пул ҳам топгандир. Аммо бир туки қилт этгани йўқ. Аввал қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай. Бунинг устига, бировни ёмонлаганини билмайман. Тошкентда ҳам устозлари билан гаплашдим. Ҳеч ким у ҳақида бундайроқ гап айтмади».
— Энди, болам, — деди у куёвига, — беш қўл баробар эмас. Агар дунёда миллиард одам бўлса, миллиард хил. Ундан кўп бўлса, ундан кўп. Яхшиси, ўзингдан гапир.
Равшан қайнотасидан бунақа гапни кутмаганди. Ўйловдики, қайнота дарров унинг сўзларини маъқуллайди. Шундан кейин Равшан навбатдаги иғволарини бошлаб юборади.
— Мен, — деди у довдираб, — божам билан бугун шу ерда кўришмоқчийдим. Шунга келишгандик. Гаштак ўйнамоқчийдик.
— Ҳа, шундайми? Ундай бўлса, озроқ кутиб турсанг, у ҳам келиб қолар. Унгача сен ўтира тур, мени бугун нимагадир шу пайтда мактабга чақиришган. Аслида, битта синф беришмоқчи. Бу ёғи пенсияга чиқаман, деб турибман. Шунга директор билан гаплашиб келай.
У кетди. Ичидан эзилганча кетди. «Шу, куёв танлашда адашганга ўхшайман», деб кетди. Чунки ғишт қолипдан кўчиб бўлган эди…
Фазлиддин бир ой уйида бўлди. Отаси унинг далага чиқиб ишлашига йўл бермади. «Мен ҳам қараб ўтирмай, бориб пахта-махта суғорай», деганди Фазлиддин. Бироқ ота «йўқ» деди. «Сен уйдаги ишларни қилсанг ҳам, етади. Яхшиси, томорқага қара», деди.
Фазлиддин сўзсиз итоат этди. Дарров режа тузди. Эрта тонгда уйғонади. У ёғи бомдод намози, кейин томорқа ишлари… Агар тартиб билан иш қилинса, томорқада ҳам иш зўр бўларкан. Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, томорқада бирорта ҳам бегона ўт қолмади. Экилган экинлар гуркурашда давом этди. Худди ўша кезларда Фазлиддиннинг хоббиси пайдо бўлди. Бу экинлар эмас, узум навлари бўлди. Шунга ишқи тушди… Аммо ҳозир ҳеч нарса қилиб бўлмасди. Шу боис янаги йилдан турли узум навларини топиб, уйига олиб келиб экишни кўнглига тугиб қўйди…
Шунингдек, Малоҳатнинг ҳам ёнига бориб турди. Унақа кўп эмас, ҳафтада бир марта. Аслида, кунига бориб, у билан гаплашиб ўтиргиси келарди. Бироқ баҳона йўқ эди. Қолаверса, сўнгги пайтларда Соли ака уни аввалгидай хушчақчақлик билан кутиб олмаётгандай эди. Ҳар қалай, унга шундай туйиларди. Малоҳат бўлса, сира ўзгармаганди. Ҳолбуки, Саида эридан эшитганларини унга айтиб, синглисини айнитмоқчи ҳам бўлди. «Фазлиддин поччангга ёқмабди: «Шу боланинг кўзи ўйнар экан. Бирор-бир ёмон нарсани режалаштириб юрганга ўхшайди. Қара тилининг бурролигини. Малоҳатни яхши кўраркан, унга уйланмоқчи экан, уялиши керак. Отангдан, онангдан уялиши керак. У бўлса, без бўлиб битта дастурхон атрофида ўтирибди. Бунинг устига, тинмай оғзи сайрайди. Малоҳатга айт, сал узоқроқ бўлсин. Умуман, орани узиб ташласа, яна ҳам яхши. Синглинг кўчада қолиб кетмайди. Ҳар доим ўзининг тенгини топа олади. Чунки чиройли, ақлли», деб айтди поччанг», — дея Малоҳатга синовчан тикилди у.
— Менга қаранг, опа, поччамнинг ўзи яхшими?! Аввалгидай сизга ёқадими? — деди Малоҳат энсасини қотириб.
— Нега бунақа деяпсан? — дея ҳайрон бўлиб сўради Саида.
— Энди яхши одам ўзининг яхшилигиниям сақлаб юриши қийин-да. Қаранг, худди хотинларга ўхшаб ғийбат қиларкан. Менга қаранг, шу поччамнинг иши жудаям оз бўлса керак.
— Эй, нималар деяпсан? Поччанг тиниб ўтирадиганлар хилидан эмас.
— Зўр-ку. Унда оғзини эмас, шу қўлини янаям кўпроқ қимирлатсин. Бировларнинг ишига бурнини тиқавермасдан, — деб узиб олди Малоҳат.
Шундан кейин Саида Фазлиддин тўғрисида бошқа гапирмай қўйди. Бунга вақти ҳам бўлмади. Чунки туғруқхонага равона бўлди. Қўчқордай ўғил фарзандли бўлди.
Охирги борганида Малоҳат беда ўраётган экан. Бир ўзи терлаб-пишиб ишларди.
— Қойил! — деди Фазлиддин унга яқинлашиб. — Сизнинг бундай иш қилишингизни умуман кутмагандим.
Малоҳат қиқирлаб кулди. Шоша-пиша пешонасидаги терни артди.
— Нима қилай? Уйнинг энг каттаси мен бўлиб қолдим. Укаларим кичкина.
— Менга айтмабсиз-да, — дея жилмайди Фазлиддин.
— Қўйинг. Ўзи келиб-кетаётганингиз қанча гап бўляпти. Агар беда ўраётганингизни ҳам кўриб қолишса, нақ балога қолиб кетаман.
— Ҳеч нима қилмайди. Беринг ўроқни…
— Аввал сиз кафтингизни кўрсатинг.
— Мана, — деди Фазлиддин кафтларини очиб.
— Войбў, нега бунча қавариб кетди?
— Ишлатишяпти. Аямасдан, бетинг-кўзинг демасдан. Аммо ўзим ҳам анча ўрганиб қолдим.
— Бечорагина.
— Ҳа, анча бечора бўлиб қолдим. Энди ўроқни менга беринг, бу ердаям бир бечора бўлай.
Малоҳат қиқирлаб кулди.
— Майли, унда мен бориб сизга сув олиб келаман.
— Йўқ, нима, битта сув билан қутулмоқчимисиз? Чой олиб келинг.
— Хўп.
Беда майдони жуда катта эмасди. Шунчаки, Фазлиддин ўзи ишлаётган пайтда Малоҳат тепасида туришини истамади. Аслини олганда, Малоҳат ёнида бўлса, завқ оларди. Бироқ ҳали айтилганидай, тикилган кўзлар кўп эди. Ҳовли умуман ҳеч қанақанги девор билан ўралмагани боис, қўшнилар тугул, шу яқин-атрофдан ўтганлар ҳам уларнинг иккисини кўришарди… Қишлоқда эса гап ётмайди. Бирпасда бир айланиб ҳамманинг қулоғини гаранг қилиб, сўнг бу икковига етиб келади.
Фазлиддин ишга киришди. Маза қилиб беда ўрди. Нақ икки соатда бедани охиригача ўриб ташлади. Бу вақт ичида Малоҳат тўрт марта унинг ёнига келиб кетди. Улар бир-бирларига тўйиб-тўймай гаплашишди. Кейин Малоҳат овқат қилгани кетди…
— Қайсидир қушни ўзимизга ўргатиб олишимиз керак, — деди Фазлиддин ишини битириб бўлиб, ювиниб олгач, Малоҳат узатган атир сепилган оппоқ сочиққа юзини артаркан.
— Нега? — дея сўради Малоҳат жилмайиб.
— Мана шундай уйда ҳеч ким йўқлигида «тез келинг», деб хат ёзиб юборсангиз, мен ҳам ўша қушга қўшилиб учиб келардим.
Малоҳат қиқирлаб кулди.
— Бўлди, бирорта майнани қўлга ўргатамиз.
— Йўқ, майна бўлмайди. Унинг феъли чатоқ. Хатни бошқа ёққа олиб кетиб қолиши мумкин. Қалдирғочми, мусичами бўлса, ана унда бошқа гап.
— Ўрганишармикан?
— Ҳа, ўрганади. Яхшилаб илтимос қилиб, дон-дундан кўпроқ берсак, ўрганади.
— Одатда, кабутарлар шу ишни қилишарди-ку.
— Шундай-ку-я, аммо шошилинчда кабутарни қаёқдан топамиз?
— Ҳимм. Менга қаранг, қачон кетмоқчисиз? — дея Фазлиддинга тикилди Малоҳат. Сўнг дарров кўзини олиб қочди.
— Ҳозир.
— Йўқ, бу ердан демаяпман. Шаҳарга қачон кетишингизни сўраяпман.
— Билмадим. Шу ҳафтанинг охирида кетсам керак.
— Нега бунча тез?
— Улгуришим керак. Ўзи шундоқ ҳам жуда кўп вақт йўқотдим. Аслини олганда, мана шундай чалғиб ҳам туриш керак. Бироқ ўрганишим, шуғулланишим керак бўлган нарсалар шунчалик кўпки, ҳаммасини билиб олишга битта умр камлик қилса керак.
— Биласизми? Баъзи пайтлар мен сизни мутлақо бошқа дунёнинг одами бўлса керак, деб ўйлайман.
— Битта сиз эмас, менинг ўзим ҳам шундай деб ўйлайман. Кейин агар мана шундай қилиб тураверсак, қозондаги овқат тагига олиб кетади, деб ҳам ўйлайман…
— Вой! Эсим қурсин! Мен ҳозир… Ҳа, айтганча, уйга кирасизми ёки узум остидаги сўри…
— Узум остидаги сўри…
Иккисининг бахтига яна икки соатча уйга ҳеч ким келмади. Улар анчадан бери бунчалик узоқ гаплашишмаганди. Гап орасида Малоҳат ўзининг рашк қилишини ҳам билдириб ўтди.
— Муяссар бор-ку, — деди у иштаҳа билан овқатланаётган Фазлиддиндан кўзини узмай.
— Дугонангизми? — дея Фазлиддин Малоҳатга қараб қўйди.
— Ҳа.
— Хўш?
— Жуда очилиб кетган. Мактабда унга ошиқ бўлмаган бола қолмади. Кунига етти-саккизталаб хат олади. Шунинг учун кеккайиб юради.
— Шундайми?
— Ҳа. Бир келганингизда олиб келаман.
— Нега?
— Сиз ҳам кўрасиз.
— Шартмас. Чунки менинг вақтим бўлмаса керак уни кўришга, у билан гаплашишга.
— Агар бўлганида гаплашармидингиз?
— Тузоғингизга тушмайман. Шунинг учун овора бўлманг.
— Қанақа тузоқ? Мен ҳеч қанақа тузоқ қўймадим, — дея кулди Малоҳат.
— Майли, розиман, розиман. Ундан кўра айтинг, зерикмаяпсизми?
— Менми? — дея қошини чимирган бўлди Малоҳат. — Мен зерикарканманми? Ҳечам-да. Мана, масалан, сомса қилишни ўрганиб олганман. Биласиз, биз томонларда ҳеч ким уйида тандирга сомса ёпмайди. Ана шуни биринчи бўлиб мен бошлаб бердим. Олдинига сиз берган китобчадан роса ўрганиб олдим, кейин Хадича опага хат ёздим. Маслаҳат олдим. Сўнг ёпдим. Биринчиси унчалик ўхшамади. Аммо кейингилари зўр чиқди. Энди отам ҳар икки кунда: «Сомса ёпмадингларми?» деб сўрайдиган ва уйга олдингидан кўпроқ гўшт олиб келадиган бўлди. Хўш, бу биринчиси, лекин ундан ҳам олдин Қуръон бор. Сира зериктирмайдиям, вақтингизни ҳам мазмунли ўтказади. Яна ўзингиз ишга роса руҳлантириб қўйгансиз.
— Қандай? — дея атайин пешонасини тириштирди Фазлиддин.
— Бир минут тиниб ўтирмайсиз-ку. Қачон мен билан гаплашсангиз, ўшанда бирор иш қилишдан тийиласиз. Бошқа пайт ўқишларингизга, ишларингизга кўмилиб оласиз. Бутун дунёни унутасиз. Мен ҳам худди шундай қилмоқчиман. Ҳали қараб туринг, сизга етиб оламан! — дея қиқирлаб кулди Малоҳат.
Фазлиддин эса шу заҳоти иккала қўлини ҳам кўтариб:
— Бўлди, мен таслимман, — деди ва бурнини тортиб қўйди.
Унинг қилиғи Малоҳатнинг баттар кулгисини қистатди. У аввалгидан қаттиқроқ овозда кулди. Кейин ўзидан ўзи уялиб, юзини беркитиб олди. Илло, икки юзи қизарганди. Қизаргани жудаям ярашганди. Ўша ярашган қизилликни Фазлиддин кўрганди. Ички туйғулари ғалаённи бошлаб юборганди.
— Ана кўрдингизми, мен ютаман, — деди Малоҳат кулгидан тўхтаб.
— Мен ҳар сафар сизга ютқазганимда маза қиламан, — дея Фазлиддин кўзини олиб қочиш учун пиёлага қўлини чўзди.
— Алдоқчи! Энди менга айтинг-чи, нега бунчалик тез Тошкентга кетиб қоляпсиз?
— Сабаби аниқ. Вақт. Бу ерда жуда кўп вақтим беҳуда кетиб қолаётганга ўхшайди. Нималардандир орқада қолиб кетаётганга ўхшайман.
— Сиз бир ёки икки кунлик эмассиз-ку.
— Уни билмайман. Аммо режаларим жуда катта. Бирдан бир нималар қилгим келади. Кейин ўзимга ўзим: «Шошма, ҳовлиқма, ҳали вақтли», дейман. «Аввал ўрганиш керак», дейман. Аммо ўрганадиган нарса жудаям кўп экан. Менимча, битта умр камлик қилса керак.
— Катта одамларга ўхшаб гапиряпсиз.
— Ўзи шундай бўлиб қолганга ўхшайман. Фақат сизнинг ёнингизда асл ёшимга қайтаман, деб уринаман. Айтганча, энди сизга хат ёзаверсам бўладими?
— Бўлади. Аммо… Ҳамма шубҳаланади. Ўзи шундоқ ҳам… Келинг, яхшиси, мен сизга ҳар куни ёзаман. Лекин шу ҳаммаси бир кунда етиб борадими, деб ўйлайман-да.
— Нега?
— Почтачи ҳафтада икки марта келади. Кейин-чи, у ҳам мен ҳар сафар қўлига хат тутқазаётганимда ғалати қараб қўяди. Яхшиямки, арабча ёзувни тушунмайди. Шунинг учун мактабга кетаётганимда, почта қутисига ташлайман бундан бу ёғига… Яна озроқ қолишингизнинг иложи йўқми?..
— Бор. Аммо бу ёққа келишга уяляпман.
— Ҳимм. Унда мен розиман. Қайтага, мен ҳам кўпроқ вақтимни ўрганишга сарфлайман.
— Яхши, энди мен борай.
— Нега?
— Кейинги сафар келишимга осон бўлади. Агар менинг келиб-кетганимни уйингиздагилар билишмаса, кейинги келишимда улар анчадан бери энди келиши, деб ўйлашади.
Малоҳат кулди, сўнг бошини эгиб «майли», деди.
Фазлиддин эса истар-истамай юзига фотиҳа тортиб, ўрнидан турди…
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)