Хитойда расмийларга ҳашаматли ҳаёт тақиқланмоқда

Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси ва Давлат Кенгаши томонидан янги қарор эълон қилинди. Қарор мамлакатда исрофгарчилик ва бюджет маблағларининг самарасиз сарфланишига қарши курашни кучайтиришга қаратилган.
Ҳужжат 63 моддадан иборат бўлиб, унда давлат ва партия ходимларига хизмат сафарлари, тантанали кечки овқатлар ва бошқа протокол тадбирлар доирасида тежамкорлик тамойилларига қатъий риоя қилиш мажбурийлиги белгилаб қўйилган. Хусусан, мансабдор шахсларга ҳашаматли овқатлар, сигарет ва спиртли ичимликлар истеъмоли қатъиян тақиқланади. Бундан ташқари, хорижий сафарлар вақтида қимматбаҳо совғалар алмашиш ва қимор ўйинларида қатнашиш ҳам чекланмоқда.
20-модда расмийларга қиммат совғалар, облигациялар, ваучерлар ва ўйин-кулгулар учун белгиланган лимитлардан чиқмасликни, хизмат сафарларида эса фақатгина рухсат этилган тартибда транспорт, овқатланиш ва турар жой билан чекланилишни талаб қилади. Шунингдек, аэропорт ёки вокзалларда тантанали кутиб олиш маросимлари ҳам ман этилади.
“Исрофгарчилик уятли”, — дея таъкидлайди расмий Синхуа агентлиги. Хитой ҳукумати расмийлардан оддийлик, тиришқоқлик ва масъулиятни кутмоқда.
Мазкур чоралар мамлакатдаги иқтисодий муаммолар фонида жорий этилмоқда. 2024 йил охирида The Wall Street Journal Хитой иқтисодий аҳволини “тартибсизлик” деб атаган эди. Ҳаддан ортиқ ишлаб чиқариш қуввати, пасайган истеъмол ва йирик компанияларнинг инвестициялардан воз кечиши ҳукуматни тежамкорликка жиддий чоралар кўришга ундади.
Хитой молия вазири Лан Фоан амалдорларни давлат бюджети маблағларини сарфлашда эҳтиёткор бўлишга чақирди. У Пекиннинг асосий стратегик йўналишларни молиялаштиришда давом этишини, лекин бу жараёнлар бошқа соҳаларда кескин тежамкорлик эвазига амалга оширилишини билдирди.